Янги Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

«Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам – кечаги Ўзбекистон эмас».

Шавкат Мирзиёев

 Бугунги кунда Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг амалга ошираётган демократик ислоҳотлари, том маънода Covid-2019 шароитида ҳам мамлакат иқтисодиётининг узлуксиз ўсиб бориши, таълим сифатининг ошиши, қулай тадбиркорлик муҳитининг шаклланиши, сўз эркинлигининг кафолатланиши каби самарали жиҳатлари асосида халқнинг турмуш фаровонлигини тўла таъминлашга хизмат қилмоқда.

 Тан олиб айтиш керакки, 2017-2021-йилларда мамлакатимизда тизимли, тарихий ва ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, савдо, нарх ва валюта сиёсатида кўплаб эркинликлар берилди, мамлакатимиз банк тизими барқарорлигини таъминлашнинг янги тизимлари жорий этилди, аҳоли билан манзилли ишлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди, халқ билан мулоқотнинг замонавий кўринишлари жорий этилди, фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишнинг соҳасига рақамли технологиялар жорий этилди ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, аҳолининг бандлигини таъминлашнинг шаффоф тизими ташкил этилди, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос ноёб механизмлари татбиқ этилди.Шунга муносиб равишда янги Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индексларидаги ўрни юқорилаб, нуфузи янада мустаҳкамланиб бормоқда.

 ЎЗБEКИСТОНДА ХАЛҚАРО РEЙТИНГ ВА ИНДEКСЛАР БИЛАН ИШЛАШНИНГ НОЁБ МEХАНИЗМИ ЖОРИЙ ЭТИЛГАН

 Мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имижини янада мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 февралдаги Фармони билан Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди.

Шунингдек, ушбу жараёнга мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий тадқиқот муассасалари кенг жалб этилди. Масъул мутасаддилар томонидан халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига давлат ва жамият ҳаётининг халқаро рейтинг ва индекслар, уларнинг таркибий индикаторларида баҳоланадиган соҳаларига оид давлат сиёсатидаги ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг моҳияти мунтазам равишда тушунтириб берилмоқда.

Жорий йилнинг 26 май куни Республика кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2021 йилга мўлжалланган иш режасининг биринчи чоракдаги бажарилиш ҳолати муҳокама қилинди. Ҳисобот даврида Иш режанинг ижтимоий-иқтисодий соҳада бажарилиши белгиланган 63 та банди ва сиёсий-ҳуқуқий соҳада амалга оширилиши белгиланган 29 та банди доирасида мутасадди ташкилотлар томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилган. Чора-тадбирларнинг натижаси халқаро рейтинг агентликлари томонидан муносиб эътироф этилганлиги таъкидланди.

 АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ДEМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЧИНАКАМ ЭЪТИРОФИ

Муҳтарам Президентимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Буни халқаро рейтинг агентликларининг бераётган ҳаққоний баҳолари ва хулосаларидан кўриш мумкин. Хусусан,мамлакатимиз 2020 йилда Глобал инновацион индексда 131 мамлакат ичида 29-поғонага кўтарилиб,

93-ўринни эгаллаган бўлса (2015 йилда 122-ўринда эди), бу кўрсаткич Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари орасида 4-ўрин демакдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз 80 та йўналишдан иборат бўлган Глобал инновацион индекснинг Институционал ривожланиш (Institutions), Инфраструктура (Infrastructure),Билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs), Ижодий натижадорлик (Creative outputs) ва Инсон капитали ва илмий тадқиқот фаолияти (Human capital & research) каби индикаторларида ижобий натижаларга эришди.

Мамлакатимизда кўрилаётган зарур чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, банк тизимининг барқарорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан,Банк хизматларининг сифати ва тезкорлиги ортганлиги сабабли, мижозларининг банкка бўлган ишончи янада кучаймоқда. Натижада Ўзбекистон Жаҳон банкининг статистик салоҳият индексида 2020 йилда 16 поғонага кўтарилиб, 61-ўринни эгаллади (2019 йилда 77-ўринда эди).

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Жаҳон мамлакатлари демократия индексида юртимизнинг ўз ўрнини 2 поғонага яхшилаб, 167 та мамлакат орасида 155-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2019 йилда 157-ўринни ташкил этган. Мазкур индекснинг 5 та йўналиши бўйича ҳам Ўзбекистон барқарор равишда юксалиб бормоқда. Хусусан, мамлакатимиз индекснинг 3-тоифа – Сиёсий иштироклилик (Political participation) (2.78 балл билан) ва 4-тоифаси – Сиёсий маданият (Political culture) (5.00 балл билан) тоифаларида юқори кўрсаткичларга эгамиз.

 АЁЛЛАРНИНГ ТАДБИРКОРЛИК ТАШАББУСЛАРИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ ЯНГИЧА МEХАНИЗМЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

 Ўзбекистон Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун индекси»да ҳам 2020 йилда 5 поғонага юксалиб, 134-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич 2019 йилда 139-ўринни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг мазкур индексдаги ўрнининг юқорилашини қуйидаги 3 та муҳим омил билан изоҳласак тўғри бўлади:

Биринчи, мамлакатимизда ижобий тадбиркорлик муҳитининг яратилганлиги. Хусусан, аёлларни тадбиркорликка ўқитиш борасида самарали механизмнинг жорий этилганлиги;

Иккинчи, аёллар тадбиркорлигининг ривожи. Бу борада ҳам Ўзбекистон бошқа давлатларга ўрнак бўлмоқда. Хусусан, аёлларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича кредит олишда уларга амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими яратилганлиги;

Мазкур йўналишда жорий йилда давлат бюджетидан 400 млрд. сўм; Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларидан 495 млрд. сўм ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 105 млрд. сўм маблағни ажратилганлиги ҳам фикримизнинг исботидир.

Учинчи, аёлларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истакларининг мавжудлиги. Бугунги кунда яратиб берилаётган шарт-шароитлардан илҳомланган ҳолда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари тобора кенгаймоқда. Аёллар ҳам мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг юксалишига ўз муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

Мазкур йўналишда Президентимиз ташаббуси билан тузилган «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг кичик тадбиркорлик ташаббусларини молиялаштириш мақсадида жорий йилда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Аёллар дафтари жамғармаси, Ёшлар дафтари жамғармаси ҳисобидан 140 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, бунда хотин-қизларга ўз фаолиятларини бошлаш учун 7 млн. сўмдан субсидиялар ажратиб келинмоқда.

 ИСЛОҲОТЛАР ХАЛҚНИНГ ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛМОҒИ ЗАРУР

 Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти учун ҳар жиҳатдан долзарбдир. Чунки иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда Ўзбекистоннинг ўз ижобий тажрибаси бор. Бугун ўзбек халқи ўз ривожланиш тарихининг янги палласига чиқиб бормоқда. Юртбошимиз бошчилигида жонкуяр халқимиз томонидан Учинчи Ренессанснинг пойдевори яратилмоқда. Халқнинг манфаатлари ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминловчи мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг мустақиллиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги таъминмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон 2020 йилги Бахтли мамлакатлар рейтинги(World Happiness Report 2020)да 153 та мамлакат орасида 38-ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнининг юксалиши қуйидаги ижобий жиҳатлари билан алоҳида аҳамиятга эгадир:

Биринчидан, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги юқорилаб бориши халқимизнинг турмуш фаровонлиги тобора яхшиланиб бораётганлигидан даракдир;

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи ва нуфузининг ортиб бораётганлигини англатади;

Учинчидан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва тизимлилигининг исботидир.

Бир сўз билан айтганда, халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатимизнинг ўрнини янада юксалиши ва мустаҳкамланиши барчамизда бугунги кунда Ватанимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва амалий натижаларга нисбатан шукроналик ҳиссини уйғотиши шарт.

  

Акбаршоҳ ТEШАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи,

Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раисининг ўринбосари

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan