Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий маданиятни ривожлантириш йўлида – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар Қонунлар моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонуни маъқулланди.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

ЎЗБЕКИСТОН ВА ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАШКИЛОТИ.

Халқаро меҳнат ташкилоти 1919 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда унга 187 давлат, шу жумладан Ўзбекистон ҳам аъзо бўлиб кирган. Мазкур халқаро ташкилотнинг ўзига хос жиҳатларидан бири у ҳукумат, иш берувчилар ва ходимларни бирлаштирувчи БМТнинг ягона уч томонлама агентлиги эканлигидир.

Ҳозирги кунгача Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг 17 та Конвенцияси ва 1 та Баённомаси ратификация қилинган. Улардан 8 таси фундаментал, 4 таси давлат бошқарувига оид ва қолган 5 таси техник хусусиятдаги халқаро ҳужжатлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг барча фундаментал ва корпоратив бошқарувга оид келишувларини ратификация қилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли, Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли, Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги 100-сонли, Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-сонли, Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги 111-сонли фундаментал Конвенциялари ратификация қилинган ва уларда белгиланган халқаро нормаларга амал қилиш бўйича тизимли равишда ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини, гендер тенглигини, иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида халқаро меҳнат стандартларини мамлакатимиз қонунчилигига татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

2019 йилда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 29-сонли Мажбурий меҳнат тўғрисидаги Конвенциясига Баённомани ратификация қилган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли, «Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 129-сонли ва «Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги 81-сонли конвенциялари ҳам ратификация қилинди, бу эса ушбу соҳаларда бандлик ва меҳнат муҳофазаси устидан мониторингни кучайтиришга имкон берди.

Олдинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида бюджет ташкилотлари вакиллари, талабаларни меҳнатга мажбурлаш, уларга ҳақ тўламаслик, меҳнат қилиш шароитларининг талабга жавоб бермаслик ҳолатлари кузатилар эди. Даставвал, бола меҳнати, сўнгра мажбурий меҳнатни бартараф қилганимизни жаҳон ҳамжамияти алоҳида эътироф этмоқда.

Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра 2020 йилда Ўзбекистонда пахта йиғимида иштирок этганларнинг 96 % дан ортиғини ихтиёрий равишда ишлаганлар ташкил этган. Бу эса, мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг бартараф этилганлигини англатувчи яна бир исботдир.

ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАШКИЛОТИНИНГ МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИ ВА ГИГИЕНАСИГА КЎМАКЛАШИШ АСОСЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ 187-СОНЛИ КОНВЕНЦИЯСИ

187-сонли Конвенция Халқаро меҳнат ташкилотининг Бош конференцияси 95-сессиясида 2006 йил 15 июнда Женева шаҳрида қабул қилинган.

Конвенция муқаддима, унда қўлланилган тушунчалар, унинг мақсади, миллий сиёсат, миллий тизим, миллий дастур ва якунловчи қоидаларни ўз ичига олган 14 та моддадан иборат.

Конвенциянинг мақсади – ишлаб чиқаришда шикастланишлар, касбий касалликлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш учун доимий равишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштиришдан иборат.

Конвенцияга биноан миллий қонунчиликда иш берувчилар ва ходимларнинг энг нуфузли вакиллик ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий сиёсат, миллий тизим ва миллий дастур ишлаб чиқиш орқали касб касалликлари, ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштиришга кўмаклашиш назарда тутилган.

Конвенцияга аъзо ҳар бир давлат миллий сиёсатни ишлаб чиқиш орқали хавфсиз ва соғлом иш муҳитини яратишга, шунингдек барча тегишли даражаларда ходимларнинг хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитига бўлган ҳуқуқини амалга оширишга кўмаклашиши ва интилиши лозимлиги белгиланган.

Миллий сиёсатни ишлаб чиқишда аъзо давлатлар, ўзларининг миллий ҳолати ва амалиётини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек иш берувчилар ва ходимларнинг нуфузли вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашган ҳолда қуйидаги асосий принципларга: касбий хавф-хатарларни баҳолаш; касбий хавф-хатарларга қарши улар содир бўлган жойда курашиш; меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий маданиятни ахборот, маслаҳат ва машғулотлар ўтказиш орқали ривожлантиришга кўмаклашиши қайд қилинган.

Конвенцияга аъзо ҳар бир давлат меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича миллий тизимни иш берувчилар ва ходимларнинг нуфузли вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашган ҳолда ташкил қилиши, қўллаб-қувватлаши, босқичма-босқич ривожлантириши ва даврий қайта кўриб чиқиши лозимлиги белгиланган.

Миллий тизим ўз ичига хусусан қуйидагиларни: а) қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жамоа шартномалари, тегишли ҳолатларда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид бошқа ҳужжатларни; б) миллий қонунчилик ва амалиёти асосида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалаларига масъул бўлган органлар ва идораларни; в) миллий қонунчилик нормаларига риоя қилишни таъминлаш учун механизмлар, шу жумладан инспекция тизимини; г) ишлаб чиқаришда профилактика чораларининг асосий таркибий қисми сифатида корхона даражасида унинг раҳбарияти, ходимлари ва уларнинг вакиллик органлари ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни олади.

Конвенцияда унга аъзо ҳар бир давлат меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича миллий дастурни иш берувчилар ва ходимларнинг нуфузли вакиллик ташкилотлари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқиши, ҳаётга тадбиқ этиши, бажарилишини кузатиб бориши, баҳолаши ва даврий қайта кўриб чиқиши ҳамда миллий дастурнинг мазмун-моҳияти белгиланган.

Конвенциянинг якунловчи қоидаларида уни ратификация қилган давлатлар учун мажбурий кучга эга эканлиги, ратификация ёрлиғи рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб уни ратификация қилган давлат учун Конвенция 12 ойдан сўнг кучга кириши, уни денонсация қилиш ва бошқа ташкилий масалаларга оид нормалар қайд қилинган.

Ҳозирги вақтда Халқаро меҳнат ташкилотининг мазкур Конвенцияси 52 та давлат, шу жумладан, МДҲ мамлакатларидан Молдова, Россия, Қозоғистон томонидан ратификация қилган.

187-СОНЛИ КОНВЕНЦИЯНИ РАТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ЗАРУРИЯТИ, ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 2,3 миллион ходимлар (ишчи-хизматчилар) саноат ҳодисалари ва касб касалликлари оқибатида ҳалок бўлмоқда. Яна 160 миллион ходимлар касб касалликларидан, 313 миллиони эса бахтсиз ҳодисалардан азият чекмоқда.

Бу тадбиркорлик ва умуман иқтисодиёт учун жиддий харажатларни талаб қилади. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳар йили дунё ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) нинг 4% дан кўпроғини ишлаб чиқаришда юз берадиган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари туфайли йўқотилишини тахмин қилмоқда.

Норасмий ишчиларнинг аксарияти ҳеч қандай кафолатсиз, шу жумладан, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси йўқ ҳолда ишлайди. Кўпгина ишчилар, айниқса, аёллар иш жойларида, кўпинча нафақат уларга, балки уларнинг оила аъзоларига ҳам таҳдид соладиган хавфли ва санитария қоидаларига зид бўлган шароитларда яшайдилар. Халқаро ташкилотлар меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериши мумкин ва бу соҳада энг самарали чора-тадбирлар ходимлар ва иш берувчиларнинг нуфузли вакиллик ташкилотларининг фаол иштирокида амалга оширилиши мумкин.

Қайд қилиш лозимки, меҳнатни муҳофаза қилиш масаласи 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 8-мақсади – Самарали бандликни ошириш ҳамда эркаклар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга кўмаклашишнинг 8.8-вазифасига кўра, барча ишчи ходимларни меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда улар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш назарда тутилган.

Бу мақсад ва вазифалар эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган нормага тўла мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддасига биноан барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.

Ўзбекистон Республикаси “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва 23-моддасида эса иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли конвенциясини ратификация қилишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сонли Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш буйича “Йўл харитаси”нинг 73-бандида белгиланган чора-тадбирлар асос қилиб олинган.

187-СОНЛИ КОНВЕНЦИЯСИНИ РАТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ ОРҚАЛИ ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШИЛАДИ?

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси томонидан 187-сонли Конвенцияни ратификация қилиш миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳужжатларида белгиланган, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асосларига тааллуқли бўлган принципларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.

Иккинчидан, мазкур Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳамкорлигида халқаро стандартлар талабига мувофиқ меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги миллий дастур ишлаб чиқилиши ҳамда мазкур миллий дастур орқали хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитини босқичма-босқич яратиш бўйича изчил чораларни кўришга замин яратади.

Учинчидан, халқаро меҳнат стандартларини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имиджи кўтарилишига асос бўлади.

Тўртинчидан, энг асосийси меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасида миллий маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Бу соҳадаги миллий маданият деганда, а) хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳитига эга бўлиш ҳуқуқига барча босқичларда риоя қилиш; б) ҳукумат, иш берувчилар ва ходимлар хавфсиз ва соғлом ишлаб чиқариш муҳитини белгиланган ҳуқуқ, масъулият ва мажбурият тизими орқали таъминлашда фаол иштирок этиши ҳамда в) профилактика принципига энг юқори устуворлик берилиш тушунилади.

Фозилжон Отахонов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти
директори, юридик фанлар доктори

www.uza.uz

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan