Мактабгача таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Велоспорт федерацияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ) ўртасида имзоланган Меморандум доирасида замонавий беговел (педалсиз велосипед)лар Тошкент шаҳридаги 13 та мактабгача таълим ташкилотларига тажриба сифатида берилди. Педалсиз велосипеднинг асосий афзаллиги шундаки, болалар учун мувозанат сақлашни ўрганиш осонроқ бўлади.

2021 йил 1 июнь куни Тошкент шаҳрида “Келажакка яшил қадам” шиори остида 6 ёшгача бўлган мактабгача ёшдаги болалар ўртасида I велосипед марафони ташкил этилди. Унда 65 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва тарбиячилари ҳамда велоспорт бўйича Ўзбекистон спортчилари қатнашди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон Велоспорт федерацияси раиси Т.Нарбаева иштирок этиб, сўзга чиқди.

Болалар велосипед марафонининг асосий мақсади – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил транспортдан фойдаланиш соҳасида барқарор кўникмаларни шакллантириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велосипед спортини оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда маданиятни шакллантириш, йўллардан кесиб ўтишда болалардаги ўзини тутиш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни шакллантиришдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, бу каби – болалар велосипед марафони Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилди.
Ўзбекистоннинг Велоспорт федерацияси ташаббуси билан келгусида республиканинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим ташкилотлари балансини велосипедлар билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари олиб борилади ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиш учун барча зарур шароитлар яратилади.

Веломарафонда иштирок этаётган болалар медаллар, эсдалик совғалари билан тақдирланди ва улар учун болаларнинг кўнгилочар дастури ташкил этилди.

www.senat.uz