Парламент форумида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2-3 июнь кунлари Тошкентда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишда парламентнинг роли: ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва қийноқларга қарши курашиш” мавзусида Парламент форуми ўтказилди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси минтақавий ваколатхонаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ва Парламентлараро Иттифоқ вакиллари, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш ва Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар экспертлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Форумда бир қатор муҳим масалалар, шу жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича тизими фаолиятида парламентнинг иштироки, ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишнинг аҳамияти, қийноқларга қарши конвенцияга Қўшимча протоколни ратификация қилиш орқали қийноқларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва БМТ шартномавий органлари билан ҳамкорлик, ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши ҳамда миллий превентив механизм салоҳиятини кучайтириш бўйича илғор тажрибалар хусусида сўз юритилди.

Форумда асосий эътибор Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий механизмлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсияларни бажариш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилди.

Ушбу Парламент комиссияси мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси амалга оширилишига кўмаклашмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 29 май куни Олий Мажлис Сенати томонидан ўн бешинчи ялпи мажлисда тасдиқланган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳақида ҳам сўз юритилди.

Мазкур Конвенциянинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш ҳамда улар учун тенг имкониятларни таъминлаш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan