Давлат ва халқ ўртасида мулоқот майдонини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат ва жамият ўртасида таъсирчан ҳамда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг мустаҳкам механизмларини ривожлантириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш давлатнинг бугунги тарихий шароитида тўғри ва ягона йўл эканлигини кўрсатмоқда.

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июндаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳукуматнинг аҳоли билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришида янги самарали восита ва механизмларни ишга туширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг долзарблилиги, кенгашларнинг иш-режалари ижроси ва халқимиз ҳаётини яхшилашдаги аҳамиятини парламентда муҳокама қилиш биз, депутатларнинг зиммасидаги асосий вазифалардан саналади.

Шу мақсадда жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Давлат органлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгашларининг фаолиятини ўрганиш якунлари” юзасидан семинар ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишларга оид таклиф ва тавсиялар муҳокама этилди.

Хусусан:

– фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан давлат органининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

– давлат органи фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

 – давлат органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш масалаларида давлат ва халқ ўртасида «мулоқот майдони»ни шакллантиришга хизмат қилиш;

– давлат органларининг фуқаролар билан очиқ ва манзилли мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситалари ва механизмлари жорий этилишига ҳамда давлат органларининг фаолиятини шаффофлигини таъминланишга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;

– фуқароларга давлат органлари фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш учун имкониятлар яратиш чораларини кўриш;

Самимий мулоқот шаклида ўтказилган семинарда давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгашларининг давлат органи томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашдаги ва парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамкорлик ўрнатишдаги ролини ошириш масалалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Наврўзбек ЮСУПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Экологик партия фракцияси аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan