Ўзбекистон ва Қозоғистон: парламент институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.С.Сафоев ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раисининг ўринбосари А.О.Шакиров ҳамраислигида икки давлат парламентлар юқори палаталари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг биринчи мажлиси ўтказилди.

Мажлисда бошқа масалалар қатори Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов сўзга чиқди ва Институтнинг фаолияти, асосий вазифалари ва эришилган натижалар ҳақида маълумотлар берди. Жумладан, Институт тузилмасида ташкил этилган Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ Ўқув марказининг бугунги кундаги фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Ф. Отахонов Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” билан икки давлат қонунчилик соҳасини ривожлантириш йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, қонунчиликдаги долзарб муаммолар муҳокамасига бағишланган конференциялар, давра суҳбатлари, илмий семинарлар, симпозиумлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғрисида ахборотлар, таҳлилий-маълумотлар ва материалларни алмашиб бориш, ўзаро маслаҳат ва эксперт ёрдамини кўрсатиш ва Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар бўйича ҳам яқин алоқаларни ўрнатиш ҳар жиҳатдан муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” директори М. Махамбетов яқинда ташкил этилган Институт томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, Институт МДҲ ва ШҲТ ташкилотлари таркибига кирувчи давлатларнинг тадқиқот марказлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга интилаётганлиги, бу борада айниқса, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан яқиндан ҳамкорлик қилиш икки давлат парламентлари фаолиятини такомиллаштиришда долзарб аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Тадбир якунларига кўра, А.О.Шакиров Парламентаризмни ривожлантириш бўйича БМТ ўқув марказининг ташкил этилганлиги муҳим қадам эканлигини таъкидлаб, икки институт мазкур Ўқув маркази платформаси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиши зарурлигини билдирди. Томонлар мазкур масалани ишчи тартибда батафсил муҳокама қилишга келишиб олдилар.

Ж.Худоберганов,
Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъба мудири

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan