Ўзбекистон ва Қозоғистон: парламентаризмни ривожлантириш бўйича илмий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, ўзбек ва қозоқ халқлари бир-бирларига энг яқин дўст сифатида узоқ тарихга эга. Буни икки давлат ўртасида тобора ривожланиб бораётган савдо-иқтисодий, маданий, халқаро ва бошқа соҳаларда эришилаётган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Эришилаётган дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва икки давлат парламентларининг ҳамкорлигини яна ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати аъзолари ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси М.Ашимбаев, икки давлат парламентлари юқори палаталарининг аъзолари ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” директори М.Махамбетов ва икки давлат оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти” директори М.Махамбетов томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Икки давлат парламентлари “ақлий марказлари” ўртасида тузилган мазкур ҳамкорлик меморандуми келгусида манфаатли ҳамкорликнинг янги имкониятларини очиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ҳамда икки давлат қонунчилигини замон талаблари асосида ривожлантиришда юқори натижаларни кўрсатиши, шубҳасиз.

Ж.Худоберганов,
Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъба мудири

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan