“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси парламент назоратида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Энг муҳим жиҳати шундаки, мазкур жараёнга нафақат Ҳукумат, балки парламент даражасида ҳам эътибор қаратилди.

Жорий илнинг 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан Қўмита эшитуви видеоконференцалоқа режимида ташкил этилди.

Эшитувда Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Файзиева, Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорнинг биринчи ўринбосари М.Тиллабаев, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғ.Фозилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) Ф.Эшметова, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этди.

Эшитувда Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ўз кириш нутқида Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига сабаб бўлганлигини таъкидлаб, “Йўл харитаси”да белгиланган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши, том маънода, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида йўлга қўйилган янги тизимнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилаётганлигини эътироф этди.

Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Файзиева миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да 78 та банд белгиланган бўлиб, уларнинг давомийлиги 2025 йилга қадар этиб белгиланганлиги, унга мувофиқ, жами 21 та қонун лойиҳаси ва 12 та кодекс лойиҳаси, 25 та амалий чора-тадбирлар мажмуи, 1 та миллий ҳаракатлар режаси ва 1 та Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорини ишлаб чиқиш назарда тутилганлиги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорнинг биринчи ўринбосари М.Тиллабаев Йўл харитасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ 13 та бандда асосий ижрочи ва 22 та бандда ҳамижрочи  сифатида белгиланлиги ҳақида фикр билдириб, уларнинг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тақдимот қилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғ.Фозилов томонидан Ўзбекистон Республикаси томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар бўйича вазирлик томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг масъул ходими Ў.Назаров инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ҳужжатларга амал қилиниши бўйича аҳоли, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг хабардорлигини ошириш бўйича амалда кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов парламент фаолиятига доир халқаро конвенцияларнинг муҳокамасини давлат тилида ташкил этиш борасида Институт Олий Мажлис палаталарига яқиндан кўмак беришга тайёр эканлигини билдириб, бу борада депутат ва сенаторлар билан ҳамкорликда таҳлилий мақолаларни чоп этиш, радио ва телеканаллар орқали эшиттиришларни ташкил этиш кераклиги юзасидан таклифларни билдирди.

Шундан сўнг Қонунчилик палатасининг депутатлари идораларнинг масъул ходимларига саволлар билан мурожаат қилишди. Хусусан, халқаро конвенцияларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишда ҳужжатнинг давлат тилидаги лойиҳасини ҳам киритиш масаласига эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Чунки, халқаро Конвенция халқаро мажбуриятларни юклайдиган муҳим ҳужжат бўлганлиги туфайли унинг давлат тилидаги лойиҳасини парламентга киритиш шарт эканлиги депутатлар томонидан илгари сурилди.

Қўмита эшитуви якуни бўйича қуйидагиларни ўзида ифода этувчи қарор қабул қилинди:

биринчи, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижроси доимий равишда Олий Мажлис палаталарининг назоратида бўлиши;

иккинчи, “Йўл харитаси”нинг ўрта ва узоқ муддатларга белгиланган бандларидаги устувор вазифаларни самарали оширишда ижрочилар бир-бирларига кўмак кўрсатишлари муҳим эканлиги юзасидан якуний хулосага келинди.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan