Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини самарали амалга оширишда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг иштироки қандай? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида янги тартиблар жорий этилди, тарихий ўзгаришлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларни амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги ПФ-6012-сон Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ишлаб чиқилди, унинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида тегишли “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Йўл харитаси 78 та банддан иборат бўлиб, мазкур бандларда инсон ҳуқуқлари соҳасида 200 га яқин янги тартиб ва қоидаларни жорий этиш назарда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегияни амалга ошириш борасидаги кенг кўламли ишларда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Хусусан, Институт “Йўл харитаси”нинг 5 та бандида масъул ижрочилар қаторида белгиланган бўлиб, мазкур бандларда Институт ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали тарзда амалга ошириб келаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жумладан, Институт томонидан “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

биринчи, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаб, Миллий марказга тақдим этилди (1-банд);

иккинчи, Ўзбекистон Республикасининг “Тенг муомала қилиш ва камситмаслик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашда Олий Мажлис палаталари ва Миллий марказга ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмак кўрсатилди (12-банд);

учинчи, шахсий маълумотларни тартибга солувчи қонунчилик ва ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича хорижий давлатлар тажрибаси асосида таклифлар тайёрланди ва Миллий марказга тақдим этилди (16-банд);

тўртинчи, Қонун нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, унинг субъектлари доирасини кенгайтириш бўйича ахборот-таҳлилий маълумотлар тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Конституциявий судга тақдим этилди (22-банд);

бешинчи, Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя қилинишини назорат қилиш бўйича парламент комиссиясини ташкил қилиш юзасидан ахборот-таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, Олий Мажлис палаталарига тақдим этилди (23-банд).

Шунингдек, Институт томонидан “Йўл харитаси”нинг 2 та бандининг ижросини таъминлаш борасида: яъни 46-бандидаги – “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ҳамда 50-бандидаги “Таълим тўғрисида”ги қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталарига илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан кўмак кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти жамоаси мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлатимиз Раҳбари томонидан юритилаётган оқилона сиёсатни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, бу борада тушунтириш ишларини олиб бориш, илмий тадқиқот фаолияти натижаларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ўз зиммасига юклатилган масъулиятли вазифаларни самарали бажаришга доим тайёр эканлигини маълум қиламиз.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan