Ўзбекистон ва Исроил парламентлари “ақлий марказлари”нинг ҳамкорлиги янги босқичда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 9 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори Ф.Отахонов, Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлатидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ф. Махмудова, институтнинг Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъбаси мудири Ж.Худоберганов, ҳамда Исроил Кнессети (парламенти) Тадқиқот ва ахборот маркази директори Х.Каин, мазкур марказнинг Парламентлараро тадқиқотлар бўлими бошлиғи Д.Цадок, Исроил давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси З. Бен Хилель ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Исроил давлати Кнессети Тадқиқот ва ахборот маркази ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларни ўрнатишдан иборат бўлди.

Ф. Махмудова тадбирни аввалидаа Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги дипломатик мулоқотлар сўнгги 4 йил ичида янада ривожланиб, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар юқори даражага кўтарилаётганлиги ва бу борада парламентлараро муносабатлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Ф.Отахонов Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 29 декабрдаги Қўшма қарори асосида ташкил этилганлиги, мазкур Қўшма қарор билан Институт зиммасига парламент палаталарига яқиндан кўмаклашиш бўйича янги устувор вазифалар юклатилганлиги, бу борада институтнинг аниқ фаолият йўналишлари белгилаб олинганлиги, бугунги кунда эришилган натижалар ва хорижий парламентлар тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот бериб ўтди.

Ўз навбатида, Х.Каин Тадқиқот ва ахборот маркази 2000 йилда ташкил этилганлиги, бугунги кунда қонун лойиҳалари ҳамда амалдаги қонунчилик ва бошқа масалалар бўйича парламент аъзоларининг сўровлари билан ишлашнинг аниқ ва шафоф тизими яратилганлиги, ҳозирда Марказ базасида 7 мингдан ортиқ тадқиқот ҳужжатлари мавжуд эканлигига алоҳида тўхталди. Шунингдек Марказ томонидан амалга оширилган тадқиқот натижаларининг барчаси расмий веб-сайтга жойлаб борилиши ҳақида сўзлаб, ҳозирда хорижий парламент “ақлий марказлари” билан ўзаро тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлади.

Элчи З.Бен Хилель  икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги парламентлараро мулоқотни ривожлантириш бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳлари вакиллари ўртасида ҳам доимий дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида урғу бериб, мазкур ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихонаси мустаҳкам кўприк бўлишга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар келгусида икки давлат парламентлари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни самарали усулларидан фойдаланиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Ж.Худоберганов,
Илмий ҳамкорлик ва халқаро алоқалар шўъба мудири

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan