2021 йил 11 февраль куни Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг ҳисоботи ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 2020 йилдаги фаолиятлари тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциялари аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ички Ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлигининг масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, ҳар бир фуқаро ва оила фаровонлиги, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари таъминланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) 2020 йилдаги пандемия шароитига қарамасдан жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида мунтазам мониторинг тадбирларини амалга оширди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳисобот даврида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) томонидан 72 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, Ўзбекистон Республикасининг 20 та қонуни лойиҳаси ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари юзасидан таклифлар берилди.
Шунингдек, Омбудсман томонидан жойлардаги жазони ижро этиш муасасалари ва тергов ҳибсхоналарида олиб борилган мониторинг ҳамда мурожаатлар таҳлили натижасида жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарида бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули берилиши тизимини ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш бўйича тегишли вазирликларга таклиф киритилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, 2020 йил дунё ҳамжамиятида коронавирус пандемияси кечганлиги билан бошқа йиллардан тубдан фарқ қилди. Бу ҳолат Омбудсман билан турли халқаро ва миллий ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирларнинг онлайн тарзида ўтказилишига сабаб бўлди.
Қайд этилганидек, 2020 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 14975 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ 3798 та, ижтимоий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ 5 586 та, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 1046 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 1 563 таси қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар ва уларнинг қариндошлари томонидан йўлланган.
2020 йилдаги пандемия шароитида фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлиқ 475 та мурожаат келиб тушган.
Ҳисобот йили давомида Омбудсман номига жами 45,3 фоиз мурожаатлар хотин-қизлар томонидан юборилган бўлиб, ушбу ариза ва шикоятлар уларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари билан боғлиқдир.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 54 нафар аёлларга жами 176 463 797 сўм миқдорида вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун алимент пуллари ундириб берилди, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 18 та қарор бекор қилинди ҳамда 5 та ҳолатда хотин-қизларга нисбатан оилада тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари содир этилганлиги юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Қайд этилганидек, Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан 2020 йилнинг ўн икки ой давомида қамоқда сақлаш жойларида жами 76 та мониторинг ташрифлари амалга оширилган ва бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланган ва бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ва Бош прокуратурага маълумотлар киритилган.
Шу билан бир қаторда, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш мақсадида, 50 га яқин материал Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет ресурсларида ёритилган.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг фаолиятига оид бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Президентимиз томонидан қабул қилинди.
2020 йил мобайнида Вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаатлар қабул қилинган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 28 таси идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган. Шундан энг ачинарлиси, Меҳрибонлик уйларининг битирувчиларининг тураржой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 та мурожаатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, яъни Тошкент шаҳрида 5та, Тошкент вилоятида 3 та ва Самарқанд вилоятида 3 та ҳамда бош прокуратура томонидан 1 та жавобсиз қолдирилган.
Шунингдек, вакил томонидан бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонун хужжатлари ижросининг назоратини ўтказиш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқарув органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 та сўровлар жўнатилган.
Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг ижросини ўрганиш мақсадида болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларида 53 маротаба мониторинг тадбирлари ўтказилган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва унинг сектори ходимлари томонидан оммавий ахборот воситаларида ўтган давр мобайнида жами 74 маротаба ёритилган.
Тадбирда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятлари самарадорлигини оширишга оид билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар муҳокама қилиниб, кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.