Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 10-12 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди.

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда, жумладан, Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу ўқув-семинарнинг асосий мақсади Ёшлар парламенти аъзоларининг қонунчилик жараёни, парламент фаолияти, ҳуқуқий ва сиёсий маданият кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

Шунингдек, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни қабул қилиш билан боғлиқ ташаббуслари ва ушбу халқаро ҳужжатни дунё ёшлари орасида кенг тарғиб этиш масалалари мазкур ўқув семинарининг асосий мавзуларидан бири бўлди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илғор педагогик ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда интерфаол усуллар воситасида 3 кун давом этган ўқув-семинарда 250 нафар Ёшлар парламенти аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат бошқаруви академиясининг профессор-ўқитувчилари, Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Ёшлар парламенти аъзоларининг ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Зеро, бугунги билимга чанқоқ, ўз мақсадини аниқ белгилаган ва мақсади сари шиддат билан интилаётган ёшларимиз орасидан келажакда ҳақиқий етакчи кадрлар етишиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг учун эса уларда ҳозирдан қонун ижодкорлиги жараёнлари баробарида ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш давр талабидир.

Ўқув семинар машғулотлари муайян масалаларга қаратилган бўлиб, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёни тушунчаси ва моҳияти билан таништириш, парламент назорати ва дипломатик этикет мазмунини аниқ мисоллар, тақдимотлар ва баҳс-мунозаралар орқали кўникма ҳосил қилишга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг мазмун моҳияти ва унинг бугунги кундаги глобал аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, ёшларга вақт менежментининг аҳамиятини Паркинсон қоидаси, Парет тамойили, вақт аудити орқали етказиш кун тартибига киритилган бўлиб, улар олган маълумотларини “Менинг кун тартибим” мавзусидаги мустақил иши орқали кичик гуруҳларда ишлаш усули ёрдамида мустаҳкамлаш самарали натижага олиб келади.

Ёшлар учун жуда қизиқарли, баҳс-мунозара шаклида ёритиладиган “Team building – жамоа билан ишлаш технологияси ва жамоани бошқариш қобилияти” масаласи уларнинг ташкилотчилик, етакчилик, раҳбарлик қобилиятларини мустаҳкамлашга ва янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, семинар давомида сиёсий партияларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўрганиш доирасида уларнинг тарихи, тури ва жамият ривожланишида тутган ўрни, кўппартиявийлик тизими, сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари ва ўзаро фарқи, сиёсий платформа, электорат билан ишлаш ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари каби масалаларга эътибор қаратилди.

Ёшлар парламенти аъзолари билиши шарт бўлган масалалардан бири сайлов жараёни бўлганлигини инобатга олиб, семинар ташкилотчилари томонидан ёшлар учун сайлов тизими ва принциплари, сайлов қонунчилиги, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, сайлов жараёни ва унинг босқичлари, сайловолди ташвиқот ҳамда уни амалга оширишнинг шакллари ва усуллари, кузатувчилар, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг ҳуқуқий мақоми каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Давлат бошқаруви академиясининг етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган ўқув семинар “Ёшлар парламенти” аъзолари учун ҳақиқий тажриба мактабига айланди. Ўқув семинарда ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан фаол иштирок этган Ёшлар парламенти аъзоларига сертификатлар топширилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan