Ўзбекистон Учинчи ренессанс даврига маданият ва санъат ривожи билан қадам қўяди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

«Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак: мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси аввало миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият — бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир». Ш.Мирзиёев.

 Маданият ва санъат тарихий тараққиёт даврида инсониятга елкадош бўлган ва уни инқироздан тараққиётга олиб чиққан асосий воситалардан бири ҳисобланади. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари ўз тараққиётининг асосини, аввало, инсон омили билан боғласа, унинг натижавийлигини таъминловчи механизмларидан бири сифатида айнан санъат ва маданият соҳасини кўрсатишимиз мумкин.

 Шуни алоҳида таъкидлашимиз жоизки, Ўзбекистон бу борада ўзига хос назарий ва амалий билимлар маркази сифатида дунёда ўз ўрнига эга. Давлатчилик муносабатлари шакллангандан буён санъат ва маданият тараққиётининг асоси сифатида хизмат қилиб келмоқда.

 XXI аср – янгича қарашлар, ғоялар, концепциялар асри сифатида янгича ривожланиш қонуниятлари билан бир қаторда, анъанавий тараққиёт заминларига ўз таъсир ўтказувчи, жамиятнинг турли жабҳаларида ижобийлик билан бирга, салбий жараёнлар даври сифатида намоён бўлмоқда.

 Мамлакатларнинг босиб олишда ҳарбий ҳужумларнинг ўрнини энди ғоя ва мафкуралар эгаллаб, аксарият давлатлар миллий хавфсизлигига, аввало, янги авлод онгига таъсир ўтказиш орқали (манипуляция) жиддий муаммолар туғдиришга ҳам улгурди. Ахборот хуружларидан аҳолини, айниқса, янги авлодни сақлаш ва тарбиялаш муаммоси – мустақил Ўзбекистон учун ҳам бирдек долзарб масала ҳисобланади.

 Шу нуқтаи назардан янги авлодни шакллантиришда таълим-тарбия, маданият ва санъатнинг ўрни ва ролини кучайтириш бўйича ҳукумат томонидан бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди:

биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил

28 ноябрдаги ПҚ-4038-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди; иккинчидан, 2020 йил 20 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.

Шунингдек, 2021 йил 29 майда «Ўзбекистонда санъат ва маданият ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниб, ушбу соҳа вакилларининг жамият тараққиётидаги ўрнини яна бир поғонага кўтаришда алоҳида ўрин эгаллади. 15 апрель – республикада маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгилаб қўйилди.

 Ушбу қонун моҳиятан санъат ва маданият масаласи мамлакатимиз тараққиётида долзарб муаммо бўлаётган миллат, хусусан ёшлар тарбиясида катта аҳамият касб этишини яна бир бор исботлаб берди.

Бунда аввало, ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ролини ошириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Маданий-маърифий соҳа давлат сиёсатининг асосий мезони сифатида талқин этилади.

 Маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

* маданиятни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

тарихий ва маданий мероснинг бут сақланишини таъминлаш, шунингдек халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш;

* маданий фаолият соҳасига давлат-хусусий шерикликни жорий этиш;

аҳолининг маданий эҳтиёжларини қаноатлантириш ва маданий хизматлар сифатини яхшилаш;

* аҳолининг, шу жумладан ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш ва уларни яхшилаш;

* ёш истеъдодларни ўқитиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;маданий фаолият соҳасида зарур шарт-шароитларни ва соғлом рақобат муҳитини яратиш.

Янги ривожланиш босқичига кирган Ўзбекистон ўз иқтисодий тараққиёт концепциялари ишлаб чиқиш ва ривожлантириш билан бирга, аввало мамлакатнинг тарихи, маданият ва санъатига алоҳида урғу бериш асносида кечмоқда.

 Маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган давлат дастурлари, қабул қилинаётган қонунларнинг қуйидаги жараёнларни тартибга солишга қаратилган мақсад ва вазифаларни ўз ичига олади, хусусан:

* асрлар давомида шакллаган миллий қадриятларни ривожлантириш, кенг жамоатчиликка етказиш, унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш;

тарихий даврларда шаклланган маданият ва санъат дурдоналарини сақлаш, уларни тарғибот қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш;

* санъат ва маданиятни миллат, айниқса ёшлар тарбиясидаги ўрни ва ролини янада ошириш, такомиллаштириш;

* маданият ва санъат соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, соҳани тараққий этган мамлакатларнинг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда янги босқичга кўтариш;

* маданият ва санъат соҳасида асрий қадриятларимизни асл ҳолатини ёшлар онгига сингдириш, тўғри тарғибот-ташвиқот қилиш тадбирларини амалга ошириш;

* ахборот хуружлари даврида ёшларни турли ёт оқимларга кириб кетмаслигини таъминлаш мақсадида таълим-тарбия масканларида маданият ва маърифатнинг асл моҳиятини сингдириш тизимини янги босқичга кўтариш.

 Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида

2021 йил 6 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни, шунингдек унинг мантиқий давоми сифатида 2021 йил 29 майда «Ўзбекистонда санъат ва маданият ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниб, бу жараёнга нафақат соҳа вакиллари балки юқори давлат органларининг масъуллиги қонун билан белгилаб қўйилди.

Масалан, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида республикада маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар сифатида қуйидагилар кўрсатиб ўтилди:

* Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

* Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги;

* Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги;

* «Ўзбеккино» Миллий агентлиги;

* маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

 Ушбу ташкилотлар ўз вазифаларини амалга ошириш бир қаторда, республикада маданият ва санъатни ривожлантиришдаги масъулияти ва вазифалари қонунда белгилаб қўйилиши – соҳанинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва ролини қанчалик муҳим эканлиги билан изоҳланади.

 Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2016 йил Ўзбекистонда кенг миқёсдаги ислоҳотлар даврининг бошланиши сифатида талқин этилиб, бу даврда сўз ва матбуот эркинлиги, иқтисодий интеграциялашувнинг янгича кўринишлари, аҳоли турмуш даражасини яхшиланиши каби ижобий жараён билан бирга кечди. Хусусан, маданият ва санъат соҳасидаги аввалги йилларда кузатилган хато-камчиликларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш бўйича комплекс дастурлар ишлаб чиқиш асносида амалга оширилмоқда.

  Масалан, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисидаги» қонуннинг 4-моддасида маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплар сифатида маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги, ижодий фаолият эркинлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, маданиятлар хилма-хиллиги, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик, маданий фаолият соҳасидаги таълим ва тарбиянинг тизимлилиги, илмийлиги ҳамда узлуксизлиги алоҳида модда сифатида белгилаб қўйилди.

 Бу борада давлат маданият ва санъатни тарғиб этишда ўзга хос ҳамкор ва етакчи куч сифатида майдонга чиқди. Бугун республикамизда 826 та маданият марказлари фаолият юритади ва булар маданият ва санъатини ривожлантиришда асосий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ушбу маданият марказларида жами 4 522 та тўгарак мавжуд бўлиб, уларда 52 970 нафар ҳаваскорлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан 37 340 нафарини ёшлар ташкил этади.

 Шунингдек, маданият марказларида 482 та халқ ҳаваскорлик унвонига эга бўлган жамоалар мавжуд бўлиб, ушбу жамоаларга жами 5 000 дан ортиқ ҳаваскор иштирок этиб келмоқда. Шу маънода маданият марказлари фаолиятини такомиллаштириш, уларга зарур шароитларни яратиб бериш муҳим ҳисобланади.

 Бугунги кунга қадар 367 та маданият марказлари таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги Фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг 25-бандида Маданият вазирлигига маданият марказлари учун янги бинолар қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш вазифаси юклатилган.

 Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан «2021-2024 йилларда маданият марказларининг бинолари комплексини қуриш ва жиҳозлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳада 459 та маданият марказлари янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган. Соҳага оид энг қувончли ҳолатлардан яна бири шуки, Президентимизнинг 2019 йил 14 майда қабул қилган «Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори асосида Термиз шаҳрида Республика бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

 Жамиятда инсон омилини юксак даражага кўтариш, аввало уни ақлий, тарбиявий, маданий, маърифий қарашларини ривожлантирилмас экан, бу мамлакат ҳеч қачон тараққиётга эриша олмайди. Бу борада санъат ва маданият асосий дарға сифатида намоён бўлади.

 XXI аср – катта имкониятлар ва ривожланиш асри. Аммо,бу жамиятларни эгаллаб олишга қаратилган янги технологияларнинг такомиллашган даври сифатида талқин этилаётганлигини ёдда тутиш лозим. Шунинг учун, жамиятнинг ижтимоий, сиёсий, маънавий институтларининг ролини янада ошириш масаласи Ўзбекистон учун келажакда унинг тараққиётига хизмат қилади.

Бугун мустақил Ўзбекистон ўз олдига Учинчи Ренессансни мақсад қилиб олди. Бу борадаги ислоҳотларда маданият ва санъат соҳаси ходимлари биринчи сафда туриши лозим. Зеро, санъат ва маданиятнинг кўмагида шаклланган миллатни ҳеч қандай ёт ғоялар ва давлатлар таъсирига тушиб қолмайди.

 Ғолибжон МАҲАММАДЖАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти масъул ходими

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan