Янги Ўзбекистонда парламент дипломатиясининг ривожи: ўзбек-америка алоқалари мисолида – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

“Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги интилиши қатъий”. Шавкат Мирзиёев

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли узоқ истиқболга мўлжалланган, халқчил ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ бошқа соҳалар қатори хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш соҳаларида халқ ва давлат манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар орқали сезиларли натижаларга эришилди. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ролининг янада кучайтириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳам эътиборга лойиқ. Хусусан, сўнгги йилларда Олий Мажлис палаталарининг қонун ижодкорлиги фаолияти ва ташаббускорлиги янги босқичга кўтарилди, Олий Мажлиснинг бошқа давлат органлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш бўйича ваколатлари янада кучайтирилди, мамлакатимизда парламент назоратининг самарали механизми йўлга қўйилди, Олий Мажлис палаталарининг фаолиятида институционал ўзгаришлар амалга оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясининг қабул қилиниши орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятининг ҳуқуқий асослари яратилди.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПАРЛАМЕНТ ДИПЛОМАТИЯСИ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИНИНГ ЯРАТИЛИШИ ҚАНДАЙ ИМКОНИЯТЛАРНИ БЕРДИ?

Замонавий дунёда, барча демократик давлатларда ташқи сиёсат соҳасида миллий манфаатларни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда, ҳамда мамлакат аҳолисининг тўғридан-тўғри манфаатларини таъминлашда парламент дипломатиясининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси ҳам ташқи сиёсат соҳасида олий вакиллик органи назоратини ўрнатиш, давлат ва халқ манфаатларини давлатлараро муносабатларда янада самаралироқ ҳимоя қилиш мақсадида ўз парламент дипломатияси фаолиятинининг ҳуқуқий асосларини яратди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 481-IV-сонли Қўшма қарори асосида Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатияси концепцияси тасдиқланди.

Концепциянинг 1.2-бандига мувофиқ, парламент дипломатияси Олий Мажлиснинг халқаро фаолиятини амалга ошириш воситаси бўлиб, ундан Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини жаҳон майдонида илгари суриш, халқаро нуфузини янада ошириш, хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамда кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш, бошқа давлатларнинг парламентлари, халқаро парламент тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан тажриба алмашиш мақсадида фойдаланилиши белгилаб қўйилди.

Концепция халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини шакллантирувчи ва такомиллаштирувчи ҳужжат сифатида қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятлидир:

биринчи, мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида парламент дипломатиясини шакллантиришга таъсир этувчи асосий омиллар аниқ назарда тутилган;

иккинчи, Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг мақсадлари, вазифалари ва принциплари бугунги улуғвор ривожланиш мақсадларимизга ҳамоҳанг тарзда белгиланган;

учинчи, Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг устувор йўналишлари белгиланган;

тўртинчи, Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатиясини амалга ошириш механизмлари, хусусан, улар қаторида бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини оширишва Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини таъминлашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси атрофида хавфсизлик, яхши қўшничилик ва барқарорлик камарини яратиш учун кўмаклашишга қаратилган ташқи сиёсий ташаббусларни илгари суриш белгиланган;

бешинчи, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш мақсадида халқ дипломатиясининг воситаларидан фойдаланиш, шу жумладан парламентлараро мулоқот жараёнига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш
ва парламент делегацияларининг расмий ташрифларини ташкил этиш, халқаро форумларда иштирок этиш белгиланган.

Ҳозирда Олий Мажлис палаталари делегацияларининг хорижий давлатларга ташрифлари ва хорижий давлатлар парламентлари делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифлари, шунингдек Олий Мажлисдаги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг фаолияти самарали йўлга қўйилган ва Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда Олий Мажлиснинг хорижий давлатлар парламентлари билан ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли алоқаларини олиб бориш имконини бермоқда.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ БИЛАН ЎЗАРО МАНФААТЛИ ВА ТЕНГ ҲУҚУҚЛИ АЛОҚАЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧДА

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ҳар томонлама кенг алоқалар ўрнатилган бўлиб, бунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг ўрни катта. Янги Ўзбекистонда бўлаётган ижобий ўзгаришлар Америка Қўшма Штатлари расмий вакиллари ва олий давлат ҳокимияти органлари томонидан бир неча маротаба эътироф этилган. Хусусан, 2021 йил 13 февраль куни ўзбек-америка парламентлараро ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ва АҚШ Конгресси Вакиллик палатаси “Ўзбекистон бўйича Кокуснинг” раиси, Миссисипи штатидан конгрессмен Трент Келли ўртасида музокаралар бўлиб ўтган эди.

Мазкур музокаралар давомида Трент Келли Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида сўнгги йиллар мобайнида республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларига ижобий баҳо бериб, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини юқори даражада мустаҳкамлаганини ва бу бошқа давлатлар учун халқ фаровонлигини яхшилаш йўлида дадил ислоҳотлар ўтказиш учун яққол мисол бўлишини алоҳида таъкидлаган эди. Шу ўринда, бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида бундай форматдаги алоқалар биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташриф билан боргандан сўнг йўлга қўйилди ҳамда мазкур расмий ташриф Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги давлатлараро алоқаларнинг янги даврини бошлаб берди.

Янги даврдаги ўзбек-америка алоқалари ривожланишининг тадрижийлиги натижаси сифатида 2021 йил 19 майда АҚШ Конгресси Вакиллик палатасида “Ўзбекистон бўйича Кокус” ҳамраислари, Миссисипи штатидан республикачи конгрессмен Трент Келли ва Техас штатидан демократ конгрессмен Висенте Гонсалес ташаббускорлиги остида Ўзбекистон Республикаси бўйича 415-сонли резолюция қабул қилинди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Резолюция икки қисмдан иборат бўлиб:

биринчи қисмида ўзбек-америка алоқаларнинг шаклланиши ва амалдаги ҳолати акс эттирилган;

иккинчи қисмида ўзбек-америка алоқаларининг йўналишлари бўйича АҚШ Конгресси Вакиллик палатаси ўз расмий позициясини билдирган.

Резолюциянинг биринчи қисмидаги Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга юксак баҳо ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ўзбек-америка алоқаларини янги босқичга кўтариш йўналишидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофи баён этилган.

Мазкур қисмда АҚШ Ўзбекистон Республикаси билан 1992 йилда дипломатик алоқаларни ўрнатганлиги ҳамда икки мамлакат алоқаларининг ривожланиши 2002 йилга келиб Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасида Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларациянинг имзоланишига олиб келганлиги белгиланган.

Қолаверса, резолюциянинг биринчи қисмида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида самарали демократик бошқарув, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва қонун устуворлиги, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий ривожланиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат йўналишида самарали ислоҳотлар олиб борилаётганлиги, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий ташаббуслари, минтақанинг барқарорлигига катта ҳисса қўшаётганлиги алоҳида эътироф этилган.

Шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни тобора яхшиланиб бормоқда. Хусусан, мамлакатимиз 2020 йилда Глобал инновацион индексда 131 мамлакат ичида 93-ўринни, Жаҳон банкининг статистик салоҳият индексида 2020 йилда 61-ўринни, Жаҳон мамлакатлари демократия индексида 155-ўринни, Жаҳон Банкининг “Doing business”–бизнес юритиш индексида 2020 йилга келиб Ўзбекистон Республикаси 69-ўринни эгаллади.

Янги Ўзбекистон қайд этаётган бундай ижобий натижаларни бошқа халқаро рейтинг ва индексларда ҳам кузатиш мумкин. Ундан ташқари, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар минтақавий хавфсизлик ва ташқи сиёсат масалаларига ҳам тегишли бўлиб, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги яқин қўшничилик алоқалари ва ўзаро ишончни янги босқичга олиб чиқишга туртки бўлди. Хусусан, минтақавий хавфсизлик йўналишида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида билдирган таклифига биноан,янги давлатлараро институт, яъни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш амалиётининг жорий қилинганлигини ва у минтақавий масалаларнинг самарали ечимларини топишда ўз ижобий натижасини бериб келаётганлигини таъкидлаш мумкин.

Резолюциянинг биринчи қисмида эътироф этилган масалалар юзасидан, унинг иккинчи қисмида АҚШ Конгресси Вакиллик палатаси ўзбек-америка алоқаларининг ривожланиш истиқболлари юзасидан ўз қарашлари
ва расмий позициясини билдирган.

Резолюциянинг иккинчи қисмидаги Ўзбекистон Республикаси
ва АҚШўртасидаги ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли алоқаларнинг ўрта ва узоқ истиқболдаги асосий йўналишлари ва соҳалари нималардан иборат?

Резолюциянинг иккинчи қисмида АҚШнинг Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига бўлган доимий садоқатини тасдиқлаши ва сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг муҳим сиёсий, иқтисодий, демократик ва ижтимоий ислоҳотларда эришган ютуқларини тан олиши бўйича позиция билдирилган. Бугунги глобаллашиб бораётган дунёда мамлакатлар мустақиллиги ва суверенитетини таъминлаш масалалари тобора мураккаблашиб бормоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, АҚШ томонидан Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига бўлган доимий садоқатнинг тасдиқланиши, икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг ҳақиқатдан ҳам тенг ҳуқуқлилигини билдиради ҳамда Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, демократик ва ижтимоий ислоҳотларда эришилган ютуқларнинг тан олиниши эса алоқаларнинг ўзаро манфаатлилигига ишора беради.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг тарихида биринчи маротаба 2021-2023 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланганлигига ижобий муносабат билдирилди ҳамда Кенгаш аъзолиги мамлакатда инсон ҳуқуқларини фаол равишда илгари суриш ва уларни ҳурмат қилмайдиганларни жавобгарликка тортиш учун яхши имконият эканлиги таъкидланди.

Ҳеч кимга сир эмаски, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва давлат идораларининг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини ошириш бўйича қатъий сиёсат олиб борилмоқда ва унинг ижобий натижалари халқаро ҳамжамият томонидан юқори даражада эътироф этилмоқда. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан нафақат давлат органлари фаолияти, балки фуқароларнинг кундалик масалалари ва муаммолари ечими устидан ҳам парламент назоратининг ўрнатилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юқоридаги келтирилган позициянинг тасдиғи сифатида, резолюциянинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш, коррупцияга қарши курашиш чораларини илгари суриш ва суд тизимидаги шаффофликни ошириш, давлат хизматчиларининг ҳисобдорлигини кучайтириш, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини таъминлаш, одам савдоси, шу жумладан, пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришга ва диний эркинликни таъминлашга қаратилган улкан ислоҳотлар дастури АҚШ томонидан мамнуният билан қабул қилиниши белгиланди.

Учинчидан, Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий алоқалар юзасидан, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Марказий Осиёда кўп қиррали форматларда, шу жумладан, “C5 + 1” минтақавий форматидаги ҳамкорликнинг олиб борилиши муҳимлиги ҳамда Марказий Осиё савдо форуми ва “Америка Қўшма Штатлари-Марказий Осиё савдо ва сармоявий доиравий битими” (TIFA)нинг ўтказилиши орқали акс эттирилган, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги иқтисодий етакчи сифатида ортиб бораётган роли таъкидланди. Буни Ҳаракатлар стратегиясининг
5-қисми 5.2-бандида белгиланган “Ўзбекистон теварагида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик минтақасини вужудга келтириш” вазифасини самарали амалга оширишнинг натижаси сифатида баҳолаш мумкин.

Сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахсий саъй-ҳаракатлари натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида яқин қўшничилик ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасида ўзаро ишонч алоқалари ўрнатилди.

Қолаверса, Резолюциянинг иккинчи қисмида Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик жараёни ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, шу жумладан,Афғонистон бошчилигидаги тинчлик ва ярашув жараёни, Афғонистонда темир йўл ва электр-энергия инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, афғон ёшларини ўқитиш ва АҚШ билан ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси ва қурол контрабандасига қарши кураш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаши қайд этилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Афғонистон Ислом Республикасидаги сиёсий ва иқтисодий-ижтимоий масалаларнинг ижобий ечимини топишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси томонидан Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди ва Афғонистонга мунтазам равишда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келинмоқда. Ундан ташқари, биргина Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил 4 – 6 декабрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича икки давлат ўртасида хавфсизлик, энергетика ва транспорт соҳаларига оид 20 та қўшма ҳужжат, қиймати 500 миллион доллардан зиёд 40 та тижорат шартномаси имзоланди.

Тўртинчидан, Резолюциянинг якуний қисмида АҚШ Ўзбекистон билан мустаҳкам икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлиги белгиланган.

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЭЪТИРОФИ

2021 йил 14 июнда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ж.Вахобов АҚШ Конгресси Сенати аъзолари демократ Крис Ван Холлен, республикачилар Тед Круз ва Роджер Уикерлар билан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ж.Вахобов АҚШ Конгресси Сенати аъзоларига Ўзбекистондаги давлат ҳокимияти фаолияти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, диний бағрикенглик, парламент ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ролини мустаҳкамлаш, ҳокимият ва халқ ўртасидаги мулоқотни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш соҳаларидаги ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси АҚШ билан иқтисодий ва парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга қизиқиш билдираётганлиги ҳақида маълумот берди.

Шу ўринда, Конгресс Сенати аъзоси демократ Крис Ван Холлен Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга Халқаро меҳнат ташкилоти ва АҚШ Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини йўқ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларига юксак баҳо беришини ҳамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги изчил алоқалар ҳар йилги икки томонлама маслаҳатлашувларни стратегик шериклик мулоқотига айлантиришга ёрдам берганини таъкидлади.

Ундан ташқари, конгрессмен демократ Крис Ван Холлен Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2021 йилнинг 15-16 июль кунларида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга ўзининг ижобий баҳосини берди ҳамда мазкур конференциянинг ўтказилиши бошқа давлатлар билан ўзаро савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика алоқаларини янада кенгайтириш орқали Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қайта тиклашга ёрдам беришини айтиб ўтди. АҚШ Конгресси Сенати аъзоси республикачи Тед Круз эса Ўзбекистон Республикаси бўйича қабул қилинган резолюцияни АҚШ Конгресси Сенати Халқаро алоқалар қўмитаси эшитувига киритиш ташаббускори бўлишини ва бунга яна бир бошқа Конгресс Сенати аъзоси бўлган демократ сенаторни жалб қилишни режалаштирганини билдирди. 

АҚШ Конгресси Сенати аъзоси республикачи Рожер Уикер эса Ўзбекистон Республикасининг шу йилнинг октябрида бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловларига ЕХҲТ вакилларини кузатувчи сифатида таклиф этиш бўйича қарорини олқишлади ҳамда Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди. Унинг фикрига кўра, келгусида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида диний эркинликни таъминлаш тарафдори эканлигининг яна бир исботи бўлиб хизмат қилади. Юқорида келтирилган АҚШ Конгресси Сенати аъзоларининг фикрлари ва расмий позициясига асосан, АҚШ Конгресси ҳар иккала палатасининг Ўзбекистон Республикаси билан парламентлараро ва бошқа йўналишларда алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ҳар жиҳатдан халқаро ҳамжамият учун алоҳида аҳамиятга эга эканлигини англаш мумкин.

Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлар институти
бўлим бошлиғи.

Амирбек КЕНЖАЕВ, 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлар институти
бош илмий ходими.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan