Халқаро конвенция лойиҳасида ёшлар манфаатлари акс этмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Буюк Британиянинг “Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси” (GPGF) ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан бешинчи халқаро онлайн тренинг видеоконференция тарзида ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга оширишда миллий ва халқаро тажриба алмашинуви муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб ўтди.

Тренинг иштирокчиларига БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ғояси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

Бу бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси”га кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан бир қатор давлат идоралари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилиб, Конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Конвенция лойиҳаси БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ҳам юборилиб, олинган таклиф ва тавсиялар натижасида қайта тайёрланди. Шу билан бирга, ҳужжат кенг халқаро муҳокамасига тақдим этилди.

Қатнашчилар Конвенция лойиҳасининг асосий қоидалари ва аҳамиятига эътибор қаратишди.

Таъкидлаб ўтилганидек, ёш авлод давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, ёшларнинг ривожланишига қаратилган муҳим ресурсларни ажратилиши, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий инфратузилмасини яратилишига муҳтождир.

Мажбурий характерга эга бўлган халқаро ҳужжатнинг йўқлиги, ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантиришни мураккаблаштирмоқда.

Ёшга қараб аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш ва буни ёшларнинг ҳуқуқлари ва уларни таъминлаш бўйича давлат мажбуриятларини белгиловчи халқаро ҳужжатда белгилаб қўйиш зарурати мавжуд.

Шу каби омиллар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган Конвенцияни қабул қилишдан муҳим натижалар кутилаётир. Жумладан, ёшларнинг ёшга доир хусусиятлари белгиланади. Ёшлар ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган халқаро ҳужжатларни инобатга олган ҳолда, ўн тўрт ёшдан ўттиз ёшгача бўлган шахсларни ёшлар деб белгилаш таклиф этилади.

Давлатларнинг ёшларга оид сиёсати соҳасидаги халқаро мажбуриятлари рўйхати белгиланади. Ёшларни ривожлантириш масалалари, шунингдек, ички қонунчиликнинг ўзгаришига таъсири бўйича узоқ муддатли давлат дастурлари қабул қилинади.

Энг муҳими, бутун дунёдаги ёшларни жамият ҳаётида тўлиқ, самарали ва конструктив иштирок этишлари учун реал имкониятлар яратилади.

Тренинг давомида ёшлар ҳуқуқлари соҳасида халқаро тизимлаштириш ва мажбуриятлар, ушбу йўналишда парламент назорати юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan