Қўмита Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан фикр алмашди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан Рон ван Руден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси миссияси билан “Иқтисодий истиқболлар ва давлат бюджети” мавзусида видеоконференция тарзида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Халқаро валюта жамғармаси миссияси бошлиғи Руден миссиянинг асосий мақсади Ўзбекистонда юз бераётган сўнгги ўзгаришлар ва истиқболларни ўрганиш, мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишдан иборат эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан пул-кредит ва фискал сиёсат борасида ижобий фикр билдирди. Бундан ташқари, Руден мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 29 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидланган иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишлари тўғрисида тўхталиб, Ўзбекистонга фискал сиёсат ва ташқи қарзни жалб қилиш методологиясини такомиллаштириш бўйича жамғарма томонидан техник ёрдам амалга оширилаётганлигини билдирди.

Миссия аъзолари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли, солиқ-бюджет соҳасидаги ўзгаришлар ва иқтисодий ривожланишнинг истиқболлари тўғрисида берилган саволларига Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Ш. Назаров ҳамда қўмита аъзолари томонидан батафсил жавоб берилди.

Хусусан, Президент Мурожаатномасида келтирилган ва 2021 йил давлат дастурида ўз ўрнини топган иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари борасида тўхталиб ўтди. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, молия тизимини ислоҳ қилиш, бюджет ва давлат харидлари тизими шаффофлигини ошириш муҳим масала эканлиги таъкидланди. Бундан ташқари, солиқ ислоҳотларини амалиётга самарали жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришни таъминлайдиган муҳитни яратиш ҳамда банк тизимини ислоҳ қилишни давом эттириш борасида қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда қонун хужжатлари ижросини таъминлашда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан олиб борилаётган парламент назорати хақида маълумот берилди.

Қизғин фикр алмашинувлар шаклида ўтган учрашувда қўмита аъзолари Халқаро валюта жамғармасининг техник ёрдамлари борасидаги ишларни амалга ошириш, мамлакатимиздаги реал вазиятдан келиб чиққан ҳолда халқаро амалиётни тадбиқ этиш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик муҳим эканлигини қайд этдилар. Шунингдек, бу каби учрашувларни давом эттириш Халқаро валюта жамғармаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси учун бюджет жараёнини такомиллаштириш ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш борасида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

parliament.gov.uz