Жорий йилнинг 22 июнь куни Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан “Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция материаллари тўпламининг тақдимоти ташкил этилди.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О.Таджиев, Қонунчилик муаммолари институти директори Ф.Отахонов, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси илмий ходими т.ф.д А.Татыбаев, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг профессор-ўқитувчилари, Институт ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад иштирокчиларга “Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция якунлари бўйича нашр этилган тўплам тақдимот қилишдан иборат бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари О.Таджиев ўз кириш сўзида Институт ташаббуси билан нашр этилган тўплам парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасидаги энг муҳим масалаларнинг концептуал жиҳатларини ўзида ифода этганлиги, парламентда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг илмий жиҳатдан асослантирилиши борасида асосий йўналишларни белгилаб берганлиги билан муҳим аҳамият касб этиб, келгусида Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, палаталарнинг Девонлари ходимлари, илмий тадқиқотчилар учун узоқ йиллар давомида қимматли илмий манбаа сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов “Олий Мажлис палаталари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференциянинг мақолалар тўпламининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида таъкидлаб, унинг халқаро даражада эътироф этилувчи тўплам эканлиги, яъни унга ISBN коди берилганлиги, шунингдек унда жами 5 та миллат: ўзбек, немис, рус, турк ва қорақалпоқ миллатига мансуб бўлган 38 та муаллифнинг мақолалари киритилганлиги, уларнинг 11 нафари фан доктори, 8 нафари фан номзоди, 19 нафари ёш тадқиқотчилар эканлиги, муаллифларнинг 30 нафари эркак ва 8 нафари аёл эканлиги ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Тадбирда Институт бўлим бошлиғи А.Тешабоев томонидан тўпалмнинг тақдимоти ўтказилди. Унга кўра, тўпламда ўзбек, рус ва инглиз тилларида жами 35 та илмий мақола жой олганлиги, улар парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг энг долзарб масалаларига бағишланганлиги, келгусида ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун ҳар бир мақола юзасидан схемалар ишлаб чиқилганлиги, шунингдек унда қонун лойиҳалари бўйича бериладиган илмий хулосанинг ягона намунаси илк бор белгиланганлиги ҳамда ушбу фаолиятни такомиллаштириш бўйича асослантирилган тавсиялар ишлаб чиқилганлиги ҳақида маълумотлар берди.
Тадбир якунида мақолалар муаллифларига тўпламлар топширилди.
ТЕШАБОЕВ Акбаршох,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бўлим бошлиғи