ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ: Ўзбекистонда меҳнат миграциясига оид механизмлар…  – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан давлатимиз томонидан муносабат ўзгариб, улар билан мулоқот ўрнатилди ҳамда меҳнат миграция жараёнларни тартибга солиш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, меҳнат миграция жараёнларини тартибга солувчи янги тизим жорий этилди.

Ушбу тизимни ташкил этишнинг асосий омилларидан бири бўлиб қуйидагилар ҳисобланади, хусусан, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра мамлакатимизда аҳоли сони 34 миллион 558 минг 913 киши ўтган йилга нисбатан ўсиш 653,7 минг кишини ёки 1,9%ни ташкил этганлиги ҳамда меҳнатга лаёқатли фуқароларни иш билан таъминлаш имкониятининг чекланганлиги ва бунинг натижасида хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорлардаги бўш иш ўринларига ташкилий тартибда ишга жойлаштириш эҳтиёжи вужудга келаётганлигидир. 

Шунингдек, узоқ муддатли меҳнат миграциясидан қайтиб келган ўзбекистонлик фуқароларга реинтеграция дастурлар жорий этилганлиги ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги «Вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш учун республика ҳудудидан транспорт орқали чет элга жўнаб кетиш вақтида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. 

Ушбу қарорнинг 7-бандининг 5-хат бошида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг электрон маълумотлар базасида рўйхатдан ўтган, вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш учун жўнаб кетаётган фуқаролар учун плацкарт ва умумий вагонларга бўлган темир йўл билетларининг нархини шунингдек эконом классдаги авиачипталарга бўлган нархларга 20 фоиз миқдорда чегирмалар берилиш асосида чипталар сотиш белгиланди. Ушбу қарорни ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларида 14 та ихтисослашган махсус кассалар ташкил этилди.

2019 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларига имтиёзли чипталарни харид қилиш мақсадида 159428 нафар фуқаролар мурожаат қилган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ихтисослашган кассаларида 131643 нафар меҳнат мигрантларга, 95231 та 72% авиачипталар (эконом класс), 36421 та 28% темирйўл (плацкарт ва умумий вагонлар)га чипталар сотилган [3].

Шунингдек, 2021 йилнинг 30 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди, ушбу қарорнинг 1-иловасида “Uzbekistan Airways” АЖда трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича йўл харитаси 6-бандининг 3-кичик бандига асосан, вақтинчалик меҳнат фаолиятни амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқаролар учун иқтисодий (эконом) класс авиачипта нархларига 20 % миқдоридаги чегирмани бекор қилиш белгиланди. Бунинг асосий сабабларидан бири бўлиб, “Uzbekistan Airways” АЖнинг харажатлар қисмини оптималлаштириш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 11 – бандига мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларга микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилиши ва микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиниши белгиланди. 

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида, 2020 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ўртасида «Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига микроқарзлар берилишини таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум» ҳамда жорий йилнинг 11 январида «Мақсадли кредит линия очиш ҳақида бош келишув» имзоланди.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқда-ки, 2021 йилнинг 16 – июнь ҳолатига кўра, Халқ банки АТБнинг ҳудудлардаги филиаллари орқали ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга ўн миллион сўмгача микроқарзларни 45 нафар кишига (уч юз саксон беш миллион) 385 000 000 млн. сўм ажратилган. 

Ушбу ҳолат юзасидан ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, АТБ «Халқ банки»нинг 10 000 000 (ўн миллион ) сўмлик микроқарзларни олиш тартиби (Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат банки, Халқ банки Бошқарувининг 2021 йил 9 февралдаги 16/15- сонли қарор билан тасдиқланган) бўлиб, унга кўра, қарз олувчининг ва биргаликда қарз олувчининг паспорт нусхалари (таъминот сифатида учинчи шахснинг кафиллиги тақдим қилинганда паспорт нусхаси) ва фақатгина «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқароларгина имтиёзли микроқарзлар олиш имконияти мавжуд эканлиги фуқаролар томонидан кафил ва қўшимча қарздорни топишларида муаммоларга дуч келаётганликлари аниқланди. Яъни доимий иш жойига ва даромад манбаига эга бўлмаган фуқаролар томонидан кафил бўлиш истагида бўлган фуқароларни топишлари қарз олувчи учун муаммоли масалалардан бири бўлиб ҳисобланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорнинг 4-иловаси, 5-бандида барча вилоятлардаги кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган фуқаролар бўйича маълумотлар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда «labor-migration» дастурий мажмуасини «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими билан интеграция қилиш белгиланган бўлса-да, ҳозирги кунда Сирдарё, Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах ва Бухоро вилоятларидаги кам таъминланган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар интеграция қилинган.

Шунингдек, жорий йилнинг 5 ойлик Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хорижий иш берувчилар иштирокида қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаш истагини билдирган фуқаролар учун 76 маротаба танловлар ўтказилган. Танловларда 18,6 минг фуқаро иштирок этиб, улардан хорижга ишга юборилганлар сони 17457 нафарни ташкил этди. Шундан, (Россия-15150, Қозоғистон-1795, Корея-420, Литва-57, Саудия Арабистони-19, Туркия-7, БАА-5, Болгария-4) нафар ҳисобланади.

Ишга жойлаштирилганларнинг 9746 таси Россия Федерацияси Ҳукумати Оператив Штаби рухсати билан йирик иш берувчилар томонидан тўғридан-тўғри, 7604 таси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, 107 таси хусусий бандлик агентликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси меҳнат мигрантларининг хориждаги иш фаолияти соҳалар бўйича:

Россия Федерацияси (1.046.731 нафар) – қурилиш, транспорт ва логистика (фуқаролик/юк ташиш), қишлоқ хўжалиги, савдо, умумий овқатланиш, коммунал ва маиший хизматлар;

Қозоғистон (345.906 нафар) – қурилиш, қишлоқ хўжалиги, Жанубий Корея (36.085 нафар) – оғир ва енгил саноат, ишлаб чиқариш;

Туркия (73.354 нафар) ва Бирлашган Араб Амирликлари (9.676 нафар)- савдо, умумий овқатланиш, хизматлар, ижтимоий таъминот (ёлғиз яшаётган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кекса, ногирон ва ёш болаларга якка тартибда қараш ва парваришлаш);

АҚШ (17.140 нафар), Европа мамлакатлари (12593 нафар), бошқа давлатлар (47.192 нафар)- саноат, қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, транспорт ва логистика, ижтимоий таъминот (ёлғиз яшаётган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кекса, ногирон ва болаларга якка тартибда қараш ва парваришлаш) соҳаларига тўғри келиб, бандлиги қурилиш соҳасида – 51,1 %, савдо ва бошқа маиший хизмат ишларида – 10,0 %, саноат корхоналарида – 9,0%, қишлоқ хўжалигида – 9,9 %, бошқа йўналишларда – 20,0% меҳнат фаолиятини юритишмоқда. Юқоридаги кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда, ҳозирги кунга қадар хорижда ишлаш мақсадида жўнаб кетаётган фуқароларга бор-йўғи бир нафарига ўн миллион сўмлик (10 000 000) микроқарз берилганлигини қандай изоҳласа бўлади?

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, фуқароларимизга қўшимча имкониятларни тақдим этиш мақсадида суғурта полисларини асосий таъминот тури сифатида киритилишини мақсадга мувофиқ деб, ҳисоблаймиз.

Маълумот учун, «Кафолат суғурта компанияси» АЖ томонидан қуйидаги хизмат турлари жорий этилган бўлиб, унда:

-ишга жойлашишга патент ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар берилишини рад этилишини таваккалчилигини суғурта қилиш тури;

– хорижда ишга жойлашиш бўйича транспорт харажатлари ва бошқа харажатларни тўлаш учун берилган кредитларнинг қайтарилмаслиги таваккалчилигини суғурта қилиш белгиланган;

Суғурта компаниясининг кредитлаш регламентига кўра, суғурта хизматидан фойдаланувчилар бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, резидентлар ва норезидентлар ҳисобланади. Суғурта даври, суғурта пули, суғурта мукофоти томонларнинг келишувига асосида белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги маълумотларга асосан, қуйидаги таклифларни келтириб ўтишни жоиз деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, 2020 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ўртасида «Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига микроқарзлар берилишини таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум» ҳамда жорий йилнинг 11 январида «Мақсадли кредит линия очиш ҳақида бош келишув»га ўзгартиш киритиш зарур. Унда фуқароларимизга қўшимча имкониятларни тақдим этиш мақсадида суғурта полисларини асосий таъминот тури сифатида киритилишини мақсадга мувофиқ деб, ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, фикримизча бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмасин, жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва фуқароларнинг ушбу фармон ва қарорлар бўйича хабардорлик даражаси ва савияси юқори бўлмас экан, ижобий натижага эришиш мумкин эмас. Бунинг учун биринчидан, меҳнат миграцияси соҳасига бевосита алоқадор бўлган шахсларни ҳар йил бир маротаба ушбу соҳанинг етакчи мутахассислари ва илмий тадқиқотчилар иштирокида ўқув курсини ташкил қилиш, иккинчидан, жойларда бир марталик акция сифатида меҳнат миграциясига оид кўрсатувларни тайёрлаш эмас, балки доимий равишда телеканалларда меҳнат миграциясига оид камида ҳафтада бир маротаба кўрсатувларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Учинчидан, барча вилоятлардаги кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган фуқаролар бўйича маълумотларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида тўлиқ шакллинтириб, “labor-migration” дастурий мажмуаcи тизимига интеграция қилиш мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга бевосита қўллаш вазифаси юклатилган ташкилотлардаги ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва жойларда амалиётга қўллаш кўникмаларни ҳосил бўлганлиги бўйича баҳолаш мезонларига оид дастурларни жорий этиш муҳим ҳисобланади.

Бешинчидан, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида тузиладиган келишувлар ва битимлар бўйича мутасадди раҳбарларнинг меҳнат миграцияси бўйича юқори савия ва амалий тажрибага эга бўлган шахслар томонидан шакллантирилиши мақсадга мувофиқ.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаб ўтиш керакки, меҳнат миграциясига оид механизмлар жорий этилган бўлиб, уларнинг самарали фаолияти фуқароларимизни ортиқча сарсон-саргардонликдан асраб, хорижда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Саидахмад ИШОНХЎЖАЕВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти юридик фанлар номзоди

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan