ЕОИИда агросаноат мажмуаси иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ЕОИИга аъзо давлатларда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқилишига хизмат қилувчи кенг қамровли сиёсат амалга оширилмоқда.
ЕОИИга аъзо давлатларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги 1999 йил 26 февралда имзоланган Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд тўғрисидаги Шартнома, 2010 йил 9 декабрдаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона қоидалари тўғрисидаги Келишув, 2013 йил 29 майда тасдиқланган Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудудга аъзо давлатларнинг келишилган (мувофиқлаштирилган) агросаноат сиёсати Концепцияси, 2014 йил 29 майдаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақидаги Шартнома ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинган.
Бугунги кунда ЕОИИ доирасида бир қатор иқтисодий механизмларни амалга оширмоқда. Жумладан, кредитлаш ва субсидиялар тақдим этиш, нархларни тартибга солиш, суғурталаш ва солиққа тортиш соҳаларида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Короновирус пандемияси сабабли бутун дунёда иқтисодий ўсиш пасайганлигига қарамай ЕОИИга аъзо давлатларда агросаноат мажмуасининг ижобий кўрсаткичлари кузатилди.
Иттифоқнинг расмий маълумотларига кўра сўнги 5 йил ичида ЕОИИда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11.4 фоизга ўсди. 2020 йил якунларига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2019 йилга нисбатан 2.3 фоиз ўсиб, 114.4 млрд. АҚШ долл. ташкил этди, шунингдек, 2020 йилда озиқ-овқат ҳамда қайта ишлаш саноати ҳам 2019 йилга нисбатан
3 фоизга ўсиб, 130 млрд. АҚШ долл.ни ташкил этди[1].
Иттифоқнинг асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни қондириш даражаси 93 фоизни ташкил этиб, буғдой, шакар, ўсимлик ёғи, қўй гўшти, тухум, картошка ва бошқа маҳсулотларга бўлган талаб тўлиқ Иттифоқ доирасида ишлаб чиқариш орқали қондирилади. Бироқ, меваларнинг 57 фоизи учинчи давлатлардан импорт қилинади.
Иттифоқда 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларнинг пасайишига қарамай, аграр саноатда 2.3 фоизга ўсиш кузатилди.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги хомашёси билан ўзаро савдо айирбошлаш 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 1.8 фоиз ўсиб, 9.8 млрд. АҚШ долл.ни ташкил қилди. Ушбу товарларнинг учинчи давлатларга экспорти
19.2 фоиз ўсиб, 29.8 млрд. АҚШ долл., импорт эса 2.3 фоиз қисқариб, 29.9 млрд. АҚШ долл.ни ташкил этди. Ташқи савдонинг салбий савдоси охирги 10 йилликда энг паст кўрсаткич – 39 млн. АҚШ долл.ни ташкил этди.
ЕОИИнинг қишлоқ хўжалиги ва агросаноат мажмуасининг ривожланиши ўсимликлар карантини, фитосанитар ва ветеренар назорати соҳасидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этишни талаб этади.
ЕОИИ доирасида ўсимликлар карантини, фитосанитар ва ветеринар назоратни амалга ошириш бўйича ягона сиёсатни амалга ошириш кўзда тутилган. Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳақидаги Шартномада Иттифоққа аъзо давлатлар томонидан вақтинчалик фитосанитар ва ветеринар чораларни тадбиқ қилиниши мумкинлиги белгиланган. Мисол учун, 2020 йил 8 декабрда Россия ўз ҳудудига Арманистоннинг Армавир вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирлар импортини чеклади. Чекловларнинг сабаби, ушбу маҳсулотларда зараркунандалар аниқланлиги маълум қилинди.
ЕОИИда Евроосиё иқтисодий комиссиясига ўсимликлар карантини, фитосанитар ва ветеринар назоратни амалга ошириш бўйича кенг ваколатларни бериш тенденцияси кузатилмоқда. Бунда ўсимликлар карантини, санитар ва фитосанитар чораларни қўллаш талаб этиладиган маҳсулотлар рўйхатини аниқлаш, уларга қўйиладиган талабларни белгилаш, мувофиқликни баҳолаш тартиби ва шаклини тасдиқлаш, ЕОИИга аъзо давлатларнинг бу борадаги ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини ўрнатади.
Бундан ташқари, санитар ва фитосанитар чораларни қўллаш масалалари тўлиқ ЕОИИ юрисдикцияси остидалиги ҳам таъкидланган. Иттифоқнинг асосий қоидаларидан бири – бу товарларни эркин ҳаракатланишидир. Шу билан бирга, фитосанитар ва ветеринар чоралардан товарларни эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш, шу жумладан, импортни чеклаш мақсадида фойдаланмаслик муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, Беларусдан ташқари барча ЕОИИга аъзо давлатлар ЖСТга аъзо эканлигини инобатга олиб, Иттифоқнинг ўсимликлар карантини, фитосанитар ва ветеринар назоратни амалга оширишни тартибга солувчи ҳужжатларни халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан қишлоқ хўжалиги ва агросаноат соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ўрганиш натижалари қуйидагиларни кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги – Ўзбекистон иқтисодиётининг энг асосий тармоқларидан бири ҳисобланиб, 2020 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигининг ЯИМ структурасидаги улуши 28.2 фоизни ташкил этди[2].
МДҲ доирасида Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома шартларига кўра 2020 йилнинг 31 декабрига қадар ЕОИИ га аъзо давлатлар томонидан Ўзбекистондан импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан импорт божи қўлланилмаган. Бугунги кунда ЕОИИ да қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига нисбатан қўлланиладиган божхона божларининг ўртача ставкаси 6.8% ни ташкил этади. Ўзбекистонда эса бу турдаги маҳсулотларга нисбатан қўлланиладиган импорт божларининг ўртача ставкаси 11.4 фоизни ташкил этади.
2020 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо баъзи давлатларга мева ва сабзавотлар экспорти қуйидагича бўлган:
Мамлакат | минг тонна | млн. АҚШ доллари | Экспорт салмоғи фоизда |
Россия Федерацияси | 355.2 | 255.4 | 25.3 |
Қозоғистон | 625.1 | 251.4 | 24.9 |
Қирғизистон | 136.8 | 181.1 | 18.0 |
Беларусь | 17.3 | 10.6 | 1.0 |
Ўзбекистоннинг мева ва сабзовотлари ички бозорда нарх-наво жиҳатидан рақобатбардошлиги экспертлар томонидан қайд этилган[3]. Иттифоқ доирасида тузилган шартнома шартларини бажариш (ҚҚС ва импорт божларини пасайтириш) сабабли ЕОИИдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларинининг импорти кескин ошиши кутилмайди (истисно – цитрус мевалари). Шу билан бирга, ЕОИИга қўшилиш орқали Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги экспорти салоҳияти сезиларли даражада ошиши прогноз қилинган.
ЕОИИ истиқболда аграр соҳасидаги маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, мавжуд иқтисодий механизмларни уйғунлаштириш, божхона регуляциясини соддалаштириш, ветеринария ва фитосанитария назоратининг ягона қоидаларига амал қилиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш ҳамда бошқа давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишни мақсад қилган.
ЕОИИ доирасида қабул қилинаётган ҳужжатлар, ўтказилаётган тадбирлар ва режалаштирилаётган ҳаракатлар тўғрисида маълумотларни йиғиш, ўрганиш ва таҳлилларни амалга ошириш, бир сўз билан айтганда Ўзбекистон Республикасининг “кузатувчи давлат” мақомидаги ҳамкорлигини жадаллаштириш Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва аграр мажмуига салбий таъсир этувчи омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга хизмат қилади.
А.Ҳ.Тўраев
Парламентаризм ва парламентлараро
ташкилотлар тадқиқотлари бўлими
бош илмий ходими в.б.
[1] Каким был 2020 год для стран ЕАЭС и чего ждать в 2021 году. Отвечает министр ЕЭК. См: подробно
[2] Производство валового внутреннего продукта (январь-декабрь 2020 года). См: подробно