Давлат дастури муҳокамалар марказида – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

2021 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, амалга ошириш механизми ва кутилаётган натижалар» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси, Савдо-саноат палатаси, Бош прокуратура Академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ходимлари, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Судьялар олий мактаби, Юристлар малакасини ошириш маркази, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг илмий ходимлари, Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши, Институт қошидаги Ёш қонуншунослар клуби ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов»Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ўз мазмун-моҳиятига кўра мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тадрижийлигини таъминлашда Бош дастур бўлишини таъкидлаган ҳолда, Давлатимиз раҳбарининг»Давлат дастуридан асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш, бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида натижа кўрсатиши зарур ва шарт»эканлиги бўйича билдирган фикрларининг ҳаётий аҳамияти юзасидан иштирокчиларга тушунтиришлар берди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов»Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг тузилиши, унда ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва парламентнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш мақсадида белгиланган муҳим вазифаларни амалга ошириш механизми ҳамда улардан кутилаётган натижалар ҳақида маъруза қилиб, Давлат дастурининг ижросини таъминлашда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари илмий ходимлари, профессор-ўқитувчиларининг роли ҳақида маълумотлар берди.

Хусусан, Давлат дастурида назарда тутилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, муҳокама қилиш ва уларни қабул қилишдан бошлаб, уларнинг ижросини, ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтиришгача бўлган жараёнда олимлар, шу жумладан ҳуқуқшунос олимлар фаол иштирок этишлари зарур эканлигини қайд этди.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади» – деб билдирган фикрлари асосида Давлат дастуридаги ҳар бир вазифани самарали амалга оширишда, аввало, ижрочиларнинг бугунги ислоҳотлар моҳиятига ва давр талабларига мос равишда зарур билим ва иш тажрибасига эга бўлишлари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Давлат бошқаруви Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Судьялар олий мактаби, Юристлар малакасини ошириш маркази, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари томонидан 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган тегишли бандларни амалга ошириш механизмлари хусусида фикрлар билдирилди.

Давра суҳбати давомида ёшлар ва оммавий-ахборот воситалари вакиллари Давлат дастури билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга депутатлар ва мутасадди ташкилотларнинг вакилларидан асослантирилган жавобларни олишди.

Давра суҳбати якунида 2021 йилги Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини, унда белгиланган бандларни амалга оширишнинг механизмлари ҳамда кутилаётган натижалар ҳақида йил давомида кенг жамоатчиликка тушунтиришларни олиб бориш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

ЎзА манбаси

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan