Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форуми истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб берди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бугунги кунда барча давлатлар олдида турган энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур жараёнда давлатларнинг миллий парламентлари амалга оширилаётган ислоҳотларнинг локомативи вазифасини бажариши керак.

Жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форуми ташкил этилди. 

Форумда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Ўзбекистоннинг бой тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиши бўйича ўзига хос йўлига асос солинди. Мазкур жараёнга давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари бевосита жалб этилди. Шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар белгилаб берилган эди. Мана шу мақсадлар ижроси билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 125 та вазифа тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 9 апрелдаги 852-IV/КҚ-211-IV-сонли Қўшма қарорига биноан ташкил этилган мазкур глобал форум ўз аҳамияти ва қамровига кўра юксак аҳамиятга эга эканлигини кўриш мумкин. Хусусан, Форумда парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби жаноб Мартин Чунгонг, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов, Форс кўрфази араб давлатларидаги БМТнинг аҳоли пунктлари дастурининг минтақавий бюроси (UN HABITAT) раҳбари Амира ал-Хассан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясининг махсус вакили Рейнхольд Лопатка, Парламентлараро иттифоқнинг Испаниядаги Бош котиби Карлос Уриарте Санчес, МДҲнинг давлатлараро статистика қўмитаси раиси Владимир Соколин, Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий, Индонезия Вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Раҳмат Гобель, Хитойнинг Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Халқаро ишлар қўмитаси раиси, парламентлараро дўстлик гуруҳининг Хитой тарафидан ҳамраиси Чжан Есуй, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Мазкур Форумни ташкил этишдан қуйидаги эзгу мақсадлар кўзланганлигини таъкидлаш жоиз:

биринчи, Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг ролини ошириш мақсадида дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқотни амалга ошириш;

иккинчи, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюцияни муҳокама қилиш;

учинчи, гендер йўналтирилган сиёсат ва ёшлар парламентаризмини ривожлантиришнинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш;

тўртинчи, БРМни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик иштирокини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этишни глобал муҳокамасини ташкил этиш.

Шунингдек, Форум доирасида глобал аҳамиятга эга бўлган кўплаб масалалар: атроф-муҳитни асраш, камбағалликни қисқартириш, расмий статистик фаолиятни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва миграция даражасини пасайтириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Форум доирасида Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби жаноб Мартин Чунгонг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Ўзбекистоннинг ўз ижобий тажрибаси бор эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда парламентнинг ролини ошириш борасидаги, парламент ҳаётида ёшлар ва аёлларнинг иштирокини таъминлаш бўйича амалга ошираётган ислоҳотлари таҳсинга сазовор эканлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан амалдаги қонунчиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасини шакллантиришда аёл депутатлар учун 30 фоизлик алоҳида квота белгиланди ҳамда 2020 йилнинг 29 июнь куниОлий Мажлис палаталарининг ҳузурларида Ёшлар парламентлари ташкил этилди.

Шунингдек, Форумда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг назорат функциясини янада кучайтириш, парламентлар томонидан мустақил мониторинг жараёнларини амалга ошириш бўйича ҳам фикрлар алмашилди. Мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг тажрибаси ўрнак сифатида кўрсатилди. Хусусан, ушбу жараёнда Барқарор ривожланиш мақсадларини тарғиб қилишда Ўзбекистонда ташкил этилган БРМни мониторинг қилиш бўйича Парламент комиссияси, шунингдек, фуқаролик жамияти, ёшлар ва етакчи миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентларнинг ролини янада ошириш, парламент назорати самарадорлигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи парламент аъзолари ва хорижий экспертлар томонидан қўллаб-қувватлангани таъкидланди.

Форум якунларига кўра қуйидаги масалаларни ўз ичига олган қарорлар қабул қилинди:

биринчи, Форумдаги муҳокамалар якуни бўйича Бухоро декларацияси қабул қилинди;

иккинчи, глобал форумни ҳар икки йилда ўтказиб бориш;

учинчи, парламентлар томонидан барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, шунингдек минтақавий ва глобал миқёсда юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилиб бориш;

тўртинчи, парламентлар томонидан барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича аниқ натижаларга йўналтирилган ҳамкорликдаги дастурларни қабул қилиш.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик ниҳоятда муҳим бўлиб, бу борада миллий парламентларнинг иштирокини ошириш ва назоратини кучайтириш орқали келгусида:

биринчидан, глобал қашшоқликнинг кескин камайишига эришилади, дунё аҳолисини ўйлантираётган иқтисодий муаммоларга муқобил ечимлар ишлаб чиқилади;

иккинчидан, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрнатилишига эришилади, таъсирчан парламент назорати жорий этилади;

учинчидан, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Ўзбекистоннинг миллий тажрибаси халқаро майдонда кенг қўлланилишига эришилади.

Фозилжон ОТАХОНОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan