“Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди – Қонунчилик муаммолари институти
Сайловга оид янгиликлари Янгиликлар

Жорий йилнинг 1 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, БМТ Тарраққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиллиги, Швейцария ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича агентлиги ваколатхонаси, Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Сирдарё вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорлигида “Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.

Ушбу халқаро конференциянинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича миллий ва хорижий мамлакатлар тажрибаси билан яқиндан танишиш ва амалиётда жорий этиш борасида фикрлар алмашиш, шунингдек бўлажак Президент сайловларини ташкил этишнинг илғор тажрибаларидан фойдаланиш борасида таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
Конференцияда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Пьер фон Аркс, БМТ Тарраққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, МДҲ Парламентлараро Кенгаш Котибияти раҳбарининг ўринбосари Иван Мушкет, БМТ Тараққиёт дастурининг сайлов бўйича эксперти Надежда Добрецова, БМТ Тараққиёт дастурининг сайлов бўйича эксперти Георгий Бараташвили, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти, сайлов масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Алексей Громов, ҳамда Белорусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ўз маърузалари билан қатнашдилар.

Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари ва депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ва масъул ходимлари, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раислари, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Сирдарё вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Саидов Акмал Холматович кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда сайлов тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса Президент сайловларини ўтказишда Ўзбекистон ўзига хос миллий тажрибасига эга бўлиб бораётганлигини алоҳида эътироф этди.
Тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Пьер фон Аркс ҳам кириш сўзи билан иштирок этиб, Ўзбекистондаги сайлов тизимидаги ўзгаришлар ҳақида тўхталар экан, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ўтказишдаги демократик тамойилларни янада мукаммаллаштириш борасидаги ўзгаришларни алоҳида эътироф этиб, кутилаётган сайловларда Президент сайловларида Ўзбекистон ҳукумати ва халқига омад тилади.
БМТ Тарраққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ўз нутқида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг БМТ ташкилоти томонидан эътироф этилаётганлигини охирги Президент сайловларини ташкил этиш, ўтказилиши давомидаги ижобий ўзгаришлар мисолида таъкидлаб ўтди.
Конференцияда ўз нутқи билан иштирок этган ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти, сайлов масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Алексей Громов универсал ва минтақавий ҳужжатларда қайд қилинган сайлов ҳуқуқининг халқаро стандартлари ҳақида нутқ сўзлаб, бу борада Ўзбекистоннинг ўрни ва роли хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, аввалги сайловларда ҳам хорижий кузатувчи бўлиб иштирок этганлигини ва Ўзбекистонда Президент сайловини ўтказишнинг ўзига хос тажриба мактаби яратаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
БМТ Тараққиёт дастурининг сайлов бўйича эксперти Надежда Добрецова сайлов жараёнида сайловчилар ва номзодларнинг иштирокини кенгайтириш учун фуқаролик жамияти институтлари томонидан самарали ахборот кампаниясини ташкил қилиш ва ўтказиш, шунингдек ОАВнинг шаффофлигини таъминлаш зарурияти айниқса, Президент сайловларида муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти Карла Луиш Президент сайловида халқаро кузатув масаласига алоҳида тўхталиб ўтиб, халқаро кузатувчилар ва экспертларнинг Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайловларида мақоми ҳамда Ўзбекистоннинг бу соҳада сўнгги йиллардаги ўтказилган сайловлар мисолидаги ўзига хос тажрибасини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Конференцияда ўз нутқи билан иштирок этган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров бу йилги Президент сайловлари ўзига хос тарзда ташкил этилишини, аввалги йилларда халқаро кузатувчилар томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этган ҳолда ўтказилишига алоҳида урғу берди. Шунингдек, у ўз нутқида партия томонидан бу йил ижтимоий рекламаларга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов сайловларда сиёсий партияларнинг иштироки бўйича хорижий ва Ўзбекистон тажрибаси ҳамда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар масаласида фикр билдирди.
Шунингдек, конференция давомида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий ишлар бўйича судлар коллегиясининг раиси Робахон Маҳмудова сайлов жараёни субъектларининг конституциявий ва ҳуқуқий жавобгарлиги белгилари, асослари, санкциялар хусусида нутқ сўзлаб, Президент сайлов қонунчилигини бузилган ҳолатлардаги маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласида конференция иштирокчиларига атрофлича маълумот берди.
Шунингдек, конференция давомида Президент сайловларини ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари бўйича хорижий миллий тажрибанинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда Ўзбекистондаги президент сайловларини ўтказиш, унда ОАВ шаффофлиги, фуқароларнинг хусусан ёшларнинг иштирокининг ўзига хос жиҳатлари бўйича фикрлар алмашилди.
Конференция якунига кўра, Президент сайловларини ташкил этишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларининг илмий ва амалий жиҳатлари, бугунги ҳолати, Президент сайловлари ўтказиш жараёнидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди ҳамда конференциянинг якунлари бўйича Гулистон ҳужжатини қабул қилинди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими Ғ.Махаммаджанов

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan