Қонун ижодкорлиги маҳаллий органлар ҳамкорлигини кучайтиради – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бу йилги давлат дастурида қонун ижодкорлиги фаолияти ва қонунлар ижросини таъминлаш соҳасида Олий Мажлис палаталари ҳамда давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш вазифаси белгиланган.

Мазкур вазифа қўйилишидан асосий мақсад қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, бевосита аҳолига яқин турган ҳокимият эканини инобатга олиб, қонунчилик жараёнига янада кенгроқ жалб қилиш орқали бу жараёнда кенг оммани, яъни аҳоли фикрини, манфаатларини янада мукаммал ҳамда аниқроқ англаш, қонунчилик жараёнида инобатга олишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни яратишга қаратилган.

Ўз навбатида, қўйилган вазифани бажаришда тегишли қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш талаб этилади. Бундай муҳим янгиликлардан бири сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат бошқаруви органлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасида қонун ижодкорлиги фаолияти ва қонунлар ижросини таъминлаш соҳасида Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорлик учун масъул бўлган раҳбар ўринбосарини белгилаш кўзда тутилмоқда. Бу раҳбар ўринбосари Парламент палаталари билан ўзаро ҳамкорлиги механизми бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, раҳбар ўринбосари лавозими жорий этилиши нафақат маҳаллий ҳокимият манфаатларини кўзлаш, балки парламентнинг ҳам маҳаллий ҳокимиятга нисбатан қарашларини эътиборга олиш ва бу ўзаро манфаатдорлик муносабатларини янада самаралироқ йўлга қўйишга асос бўлади. Раҳбар ўринбосари орқали бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимиятида амалга ошириаётган ишлар, уларда қонунчиликни амалга ошириш билан боғлиқ барча жараёнлар парламентга етказиб турилади. Парламент эса, ўз навбатида, бир вақтда ҳам қонун ижодкорлигига тегишли, ҳам ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати ҳақида ўз вақтида ва тезкор маълумотларга эга бўлиб боради. Бу эса қонунларни қабул қилиш ва ижро этиш жараёнида яхлитликни, яъни ягона узвий боғлиқлик тизими яратилишини таъминлайди. Бу билан бошқарув тизими самарадорлигини ошириш орқали халқ фаровонлигига эришишда изчиллик таъминланади.

Жорий қилинаётган ҳуқуқий механизм орқали кўпгина амалдаги қонунлар ишлаши, хусусан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Парламент назорати”, “Жамоатчилик назорати” ва бошқа қонунлар самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Хайрулло РЎЗМЕТОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти
бўлим бошлиғи

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan