Йўл ҳаракати қоидабузарликларига қўлланилган жарима аҳоли даромадларига қанчалик мутаносиб? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўлларини назорат қилиш ва йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ҳеч кимга сир эмаски, сўнгги вақтларда йўл ҳаракати соҳасидаги қоидабузарликлар ва қанчалик ачинарли бўлмасин инсонлар ўлими билан якунланувчи йўл транспорт ҳодисаларининг сони ортиб бормоқда. Аммо, бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, йўл ҳаракати соҳасидаги қоидабузарликлар учун белгиланган жарима ва жазо чоралари аҳолининг иқтисодий имкониятларига мос келиши зарур. Бу масала, айниқса, 2020 йилдан бошлаб бутун дунёда ва Ўзбекистонда давом этиб келаётган карантин чекловлари ҳамда бунинг оқибати сифатида аҳоли иқтисодий-ижтимоий имкониятларининг ёмонлашуви фонида янада долзарб аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида юқоридаги масалалар қандай тартибга солинган?

Ўзбекистон Республикаси йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли Қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш – йўл-транспорт ҳодисалари юзага келиши сабабларининг олдини олишга, бундай ҳодисалар оқибатларининг оғирлигини камайтиришга қаратилган фаолият ҳисобланиши белгиланган. Ҳақиқатдан ҳам, мамлакатимизда йўл транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган сабабларнинг олдини олиш ва улар келтириб чиқарган оқибатларнинг оғирлигини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда олиб борилаётган изланишлар ва амалий чора-тадбирларнинг асосий сабаби сифатида йўл транспорт ҳодисалари оқибатида инсонларнинг соғлиғига жиддий зарар етаётганини ва инсонлар ўлими билан якунланаётган йўл транспорт ҳодисалари сонининг ортиб бораётганлигини келтириш мумкин. Мисол учун соҳага автоматлаштирилган фото-видео тасвирга олиш воситалари ва бошқа ахборот-технология воситалари деярли тўлиқ тадбиқ этилди ҳамда ушбу воситалар орқали йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини янада ошириш ва йўл транспорт ҳодисалари сонини камайтиришда сезиларли натижаларга эришилди.

Соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи яна бир асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Йўл ҳаракати қоидаларини келтиришимиз мумкин. Айнан Қоидаларида автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг тезлиги масалалари батафсил белгиланган. Йўл ҳаракати қоидаларининг 78, 79, 80 ва 81-бандларида транспорт воситалари ва йўлларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда энг юқори тезлик ҳамда ҳайдовчиларнинг транспорт воситасининг тезлиги билан боғлиқ мажбуриятлари белгиланган. Хусусан, 78-бандга мувофиқ, аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади. 81-бандида ҳайдовчиларга тезликни мазкур транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўрсатилган энг юқори тезликдан ошириш, зарурият бўлмаганда жуда паст тезликда ҳаракатланиб, бошқа транспорт воситаларига халақит бериш ва бошқалар тақиқланиши белгиланган. Мазкур ҳолат кўрсатиб турибди-ки, аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудлар транспорт воситаси тезлигини ошириш учун энг хавфли ҳудудлар ҳисобланади. Лекин бир вақтнинг ўзида автомобиль йўлларида ҳаракатланишнинг ўзига хосликларидан келиб чиқиб, йўл ҳаракатининг ҳар бир қатнашчиси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳайдовчиларга зарурият бўлмаганда жуда паст тезликда ҳаракатланиш ҳам тақиқланади. Ундан ташқари, Қоидаларга мувофиқ, автоматлаштирилган фото-видео тасвирга олиш воситалари ва радардан фойдаланишга нисбатан стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади. Бироқ амалиётда мазкур масала – кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Барчамизга маълумки, замонавий демократик давлатда қонунбузарлик ҳолатлари учун жазо муқаррар бўлиши ва қонун устуворлиги таъминланиши лозим. Йўл ҳаракати қоидаларида транспорт воситалари учун белгиланган тезлик чекловларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1283-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганлиги учун жазо чоралари назарда тутилган. Мазкур модданинг биринчи қисми санкциясида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юборганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима, бешинчи қисми санкциясида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши ва бошқа бир қатор ҳолатлар учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум қилиш ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда, жарима миқдорлари аҳолининг реал даромадларидан келиб чиқиб белгиланганлиги масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари 2021 йил июнь ойи ҳолатига кўра 245 минг сўмни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг амалдаги ўртача ойлик иш ҳақи қанча?

Биринчидан, Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра 2020 йил учун ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн 667 минг сўмни ташкил этади;

Иккинчидан, Халқаро валюта фондининг 2020 йил учун маълумотларига мувофиқ, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг аҳоли жон бошига ҳисоби 7 449 долларни ташкил этган.

Агар белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари энг енгил жазо санкцияси сифатида ўртача ойлик иш ҳақининг деярли 10 фоизини ташкил этадиган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари энг оғир жазо санкцияси сифатида ўртача ойлик иш ҳақининг деярли 3 баробарини ташкил этмоқда. Мазкур ҳолат ҳозирда фуқароларимизнинг иқтисодий манфаатларига мос келмаяпти.

Бугунги замонавий дунё, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ўртача ойлик иш ҳақининг ҳаттоки ярмидан кўпроқ миқдорида жарима белгиланишини нормал ҳолат сифатида ҳисобламайди ва буни хорижий давлатларнинг қонунчилигида автомобиль йўлларида ҳаракат тезлигини меъёридан оширганлик учун белгиланган жазо санкциялари орқали кўришимиз мумкин. Бунда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, бир қатор хорижий давлатларда ҳаттоки инсон ўлими билан якунланувчи автотранспорт ҳодисалари қанчалик ортиб бормасин, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорининг оширилиши мазкур муаммога ечим сифатида қаралмайди.

Мисол учун Ўзбекистон Республикасининг 3.6.1-сонли йўл транспорт ҳодисаси натижасида ўлим даражаси Миллий индикаторига мувофиқ, 2000 йилда йўл транспорт ҳодисаси оқибати ўлим ҳолатлари ҳар 100 минг аҳоли жон бошига нисбатан 8,6 мингни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилга келиб 6,2 мингга камайди, ваҳоланки мазкур давр мобайнида автомобиль йўлларида ҳаракат тезлиги меъёридан оширганлиги учун жазо санкцияларининг миқдори деярли ўзгармаган.

Хорижий давлатларнинг қонунчилигида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари қанча миқдорда белгиланган?

Хорижий давлатларда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жазо санкцияларининг миқдори ва уларнинг аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи нисбати алоҳида эътибор талаб этади. Айрим давлатларнинг Йўл ҳаракати қоидаларига кўра автомобиль йўлларида транспорт воситасининг тезлигига нисбатан қуйидаги чекловлар ва уларга нисбатан жазо санкциялари қўлланилган:

Франция Республикасида энг енгил жазо санкцияси сифатида белгиланган тезликни 20 км соатгача оширганлик учун 68 евро миқдорида жарима, энг оғир жазо санкцияси сифатида белгиланган тезликни 50 км соатдан оширганлик учун 1,500 евро миқдорида жарима белгиланган. Франция Статистика ва иқтисодий тадқиқотлар миллий институтининг маълумотга кўра 2020 йил учун ўртача ойлик иш ҳақи 3 085 еврони ташкил этган, бунда 68 евро ўртача ойлик иш ҳақининг 2,2 фоизини1,500 евро эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизини ташкил этади;

Полша Республикасида энг енгил жазо санкцияси сифатида тезликни 10 км соатдан оширганлик учун 50 злотагача жарима, энг оғир жазо санкцияси сифатида тезликни 50 км соатдан оширганлик учун 400 дан 500 злотагача жарима белгланган. Полша Статистика бош бошқармасининг 2020 йил учун маълумотларига кўра мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 5411 минг злотани ташкил этади. Бунда, 50 злота ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизини500 злота эса ўртача ойлик иш ҳақининг 10 фоизини ташкил этади;

Финляндияда энг енгил жазо санкцияси сифатида тезликни 10 км соатдан оширганлик учун – 170 евро (аҳоли яшаш пунктида)140 евро (аҳоли яшаш пунктидан ташқари жойда) жарима, энг оғир жазо санкцияси сифатида тезликни 48 км соатдан 50 км соатгача оширганлик учун – белгиланган кунлик тарифнинг 28 баробари (аҳоли яшаш пунктидан ташқари жойда) жарима белгиланган. Финляндия Статистика бошқармасининг маълумотларига кўра 2020 йилда мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақи 3 313 еврони ташкил этади. Бунда, 170 евро ўртача ойлик иш ҳақининг 5,1 фоизини ташкил этади;

Озарбайжон Республикасида энг енгил жазо санкцияси сифатида тезликни 10 км соатдан 20 км соатгача оширганлик учун – 10 манатгача жарима; энг оғир жазо санкцияси сифатида тезликни 61 км соат ва ундан юқоригача оширганлик учун – 250 манатгача жарима белгиланган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра 2021 йилнинг 1 март ҳолатига ўртача ойлик иш ҳақи 692,3 манатни ташкил этади. Бунда, 10 манант ўртача ойлик иш ҳақининг 1,5 фоизини250 манат эса ўртача ойлик иш ҳақининг 36 фоизини ташкил этади;

Германия Федератив Республикасида энг енгил жазо санкцияси сифатида тезликни 10 км соатдан оширганлик учун – 30 евро жарима; энг оғир жазо санкцияси сифатида тезликни 70 км соат ва ундан юқоригача оширганлик учун – 680 еврогача жарима белгиланган. Федерал статистика бошқармасининг маълумотига кўра 2021 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 4,035 еврони ташкил этади. Бунда, 30 евро ўртача ойлик иш ҳақининг 0,1 фоизини680 евро эса ўртача ойлик иш ҳақининг 16,8 фоизини ташкил этади.

Юқоридаги статистик маълумотларни кўришимиз мумкинки, тезликни меъёридан оширганлик учун ўртача ойлик иш ҳаққига нисбатан энг енгил жазо чораси 5,1 фоиздан, энг оғир жазо чораси эса 36 фоиздан ошмаяпти, Ўзбекистон Республикасида эса мазкур ҳолат ўртача ойлик иш ҳаққига нисбатан энг енгил жазо чораси 10 фоизни, энг оғир жазо чораси эса ўртача ойлик иш ҳақининг деярли 3 баробарини ташкил этяпти, яъни энг оғир жазо чораси қўлланилган тақдирда аксарият фуқаролар 3 ойлик даромадларини жарима учун тўлашига тўғри келяпти.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар қонунчилигининг таҳлили ҳамда бугунги коронавирус пандемияси билан боғлиқ шарт-шароитларнинг фуқаролар иқтисодий имкониятларига таъсири қуйидагиларни хулоса қилиш имкониятини бермоқда:

биринчидан, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганлиги учун қонунчиликда ўрнатилган жазо санкциялари аҳолининг иқтисодий имкониятларига мутаносиб эмас ҳамда уларни қайта кўриб чиқиш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда;

иккинчидан, 2020 йилда бошланган ва 2021 йилда ҳам бутун дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси Ўзбекистонда аҳолининг иқтисодий-ижтимоий ҳолатига ўз таъсирини ўтказди ҳамда бунинг оқибатида баъзи фуқароларимизнинг даромадларида узилишлар бўлмоқда;

учинчидан, Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилишнинг аниқ механизмларини ва ҳуқуқий асосларини шакллантириш зарур. Масалан, тадбиркорлик субъектлари томонидан автоматлаштирилган фото- видео тасвирга олиш воситаларидан фойдаланилган ҳолда автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги тасвирга олинганда тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш мақсадида кўчма устунга вақтинчалик йўл белгилисини ўрнатган ёки ўрнатмаганлигини аниқлаштириш масаласи очиқлигича қолмоқда;

тўртинчидан, Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдорини белгилашда асосий индикатор сифатида аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақини ҳисобга олишни бугунги шарт-шароитлар талаб қилмоқда.

Мазкур таклифларнинг амалиётда ўз ифодасини топиши:

биринчидан, фуқаролар, айниқса, ҳайдовчиларнинг иқтисодий шарт-шароитини яхшилашга;

иккинчидан, жарималар миқдорларини бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқилиши ва адолатли тарзда белгиланишига;

учинчидан, коронавирус пандемияси шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тизимлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Акбаршоҳ ТEШАБОЕВ,
Амирбек КEНЖАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
институти ходимлари

www.yuz.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan