Қоғоз ва ҳисоботлардан амалий ишга ўтиш вақти келди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ҳақиқатда шундай. Энди лоқайдликка, номига қоғоз қоралаб, ёлғон ҳисоботу ошириб-тоширишларнинг вақти ўтди. Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деганларидек, бу каби ўзибўларчиликлар раҳбарга обру олиб келмайди. Ким яхши ишлаяпти, ким номига ўзини ишлаётгандек кўрсатаяпти буни халқ кўриб, билиб турибди. Юртимизда шундай бир ишчанлик, очиқлик ва ошкоролик муҳити яратилдики, эл-юрт учун фидойилик қилган, мамлакат равнақига катта ҳисса қўшган ҳар қандай киши хоҳ у раҳбар бўлса ёки оддий инсонми унинг фаолиятига ҳаққоний баҳо берилади.

Президентимиз раислигида 10 февраль куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу каби долзарб масалалар юзасидан фикрлар билдирилди, ўрни келганда раҳбарлар танқид остига олинди. Мақсад битта – ҳали-ҳануз дунё миқёсида коронавирус пандемияси давом этаётган оғир шароитда Давлат дастурида белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш ва бу жараёнда ҳар бир кишининг фаол иштирок этишини таъминлашдан иборатдир.

Бинобарин, Давлат дастурида тиббиёт, таълим ҳамда бошқа гуманитар соҳаларни ривожлантиришга қаратилган 93 та банд мавжуд бўлиб, уларни амалга оширишда ҳар бир кишидан фаоллик талаб этилади. Гоҳида жойларга борганда, давлат дастурини раҳбарлар амалга ошириши керак, деган гапларни эшитиб қоламан. Бу мутлақо нотуғри фикр. Бу – Давлат дастури моҳиятини чуқур англаб етмасликнинг оқибати. Аслида биз депутатлар, сенаторлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари аҳолига Давлат дастурини амалга оширишда ҳар бир фуқаро иштирокчи бўлиши лозимлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

Масалан, олайлик Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилишини нафақат раҳбарлар, маҳалла фаоллари балки ҳар бир ота-она, кексаю ёш бу давлат томонидан кўрсатилаётган катта ғамхўрлик эканини чуқур англаб етишса, дастурни бажариш жуда осон кечади. Ёки 1 сентябрга қадар меҳрибонлик уйларининг муҳтож битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш, жорий йилда бюджет ҳисобидан 22 та болалар боғчаси ва 31 та янги мактаб қуриш, ҳар бир туманда физика фанига ихтисослашган биттадан мактаб ташкил этиш масалалари фақат ҳамжиҳатлик, ҳар бир киши ўзини бундай хайрли ишлар учун масъул эканини ҳис қилиб иш олиб борсагина кўзланган мақсадга эришамиз.

Агар Давлат дастурини бажаралишига томошабин бўлиб қолсак, назоратни кучайтирмасак, юқорида айтилганидек, иш қоғозда ва ҳисоботда қолиб кетиши мумкин. Шунинг учу ҳар бир депутат у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатими, маҳаллий Кенгаш депутатими қатъи назар ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда Давлат дастури бажаралиши йўлида ўзини масъул ҳисобласа, Президентимиз видеоселекторда куюнчаклик билан айтган фикрлари амалга ошади. Зеро, шу она юрт, шу муқаддс замин фарзандиман деган ҳар бир киши шиддатли замонимизнинг улкан бунёдкорлик юмушлари учун масъул ва дахлдор эканини унутмаслиги лозим.

 

Мавлуда ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan