Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилади – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари 2021 йил 5 июль куни Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида ги қонунига имзо чекди.

Хўш, мазкур қонун билан қандай янгиликлар кўзда тутиляпти?

Ушбу ҳужжат билан диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон фуқароси бўлиши ҳақидаги талаб қонун матнидан чиқарилди. Бу ўзгариш мамлакатимиз халқининг кўп динли ва кўп миллатли эканлигидан келиб чиқиб амалга оширилди. Диний бағрикенглик — бу умумэътироф этилган очиқлик сиёсати аслида. Шу пайтгача диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғини розилигини олиш талаби бекор қилинди. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари ортиқча ҳужжат йиғишдан халос бўлмоқда.

Қонун асосида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан боғлиқ тартибга енгилликлар жорий этилди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар масжидлар ва конфессиялар ибодат ташкилотларини ташкил этиш ташаббуслари сони 100 нафардан 50 нафарга камайтирилди.

Яна бир янгилик ва имконият. Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилиши белгиланди. Рўйхатдан ўтказувчи Адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқиш муддати 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди.

Бу билан диний ташкилот тузиш ташаббускорларига қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилади, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари қонун билан белгиланди.

Шу билан бирга, диний ташкилотнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш, тугатиш фақатгина суд тартибида бўлиши, рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа давлат органлари бунга ҳақли эмаслиги, мансабдор шахсларнинг диний ташкилотнинг қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганда диний ташкилот давлат божини тўлашдан озод этилиши каби қўшимча кофолатлар назарда тутилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжихатликни мустаҳкамлашга, диннинг асл моҳиятини англашга, бузғунчи ғояларга қарши имунитет ҳосил қилишга, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.

 

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parlament..gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan