Қонунчилик палатаси: ярим йиллик фаолият таҳлил қилинди – Парламент тадқиқотлари институти
Мақолалар

2021 йил 13 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “ПАРЛАМЕНТ ФАОЛИЯТИ: 2021 йил 6 ойлик якунлари бўйича энг муҳим натижалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини ошириш Қонунчилик палатасининг энг муҳим вазифалари сифатида белгилаб олинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган ғояларни ҳаётга изчил татбиқ этишга, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар фаоллигини ошириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратини янада кучайтириш, ҳудудларда аҳолини ўйлантириб келаётган масалалар бўйича ўрганишлар ўтказиш ҳамда қонун лойиҳалари муҳокамасига кенг жамоатчиликни жалб этиш бўйича устувор йўналишларни амалга оширишга қаратилган ишлар Қонунчилик палатаси фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда такомиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилишга кўмаклашиш борасида Қонунчилик палатаси томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, шу жумладан, коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш, санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини янада кенгайтириш, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш, айниқса, қишлоқлар ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, шунингдек соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби устувор вазифаларнинг бажарилиши устидан таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида парламент аъзоларининг ҳар ой охирги ҳафтасида ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ўйлантираётган масалаларни тизимли равишда ўрганиб бориш амалиёти изчил давом эттирилди. Хусусан, учрашувлар давомида депутатлар томонидан 6 550 та хонадонга ташриф буюрилиб, 4 721 та учрашув ўтказилди. Уларда 98,6 мингдан зиёд фуқаро, шу жумладан 9 715 дан ортиқ тадбиркор билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди ҳамда 2 946 та ижтимоий соҳа объектининг фаолияти билан танишилди. Депутатларнинг мулоқотлари чоғида сайловчилар томонидан 11 763 та масала кўтарилди, шулардан 4 811 таси халқ вакиллари томонидан жойида ҳал этилди. Қолган муаммолар эса назоратга олинди.

Тадбирда таъкидланганидек, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти қабул қилинаётган қонунларнинг мамлакатда амалга оширилаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига бевосита таъсирини янада кучайтиришга йўналтирган ҳолда ташкил этилди. Бунда, айниқса, Ҳаракатлар стратегияси ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган олти ой мобайнида 35 та қонун қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилди. Шундан 17 та янги қонун, 12 та яхлит қонун, 3 та жамланма (16 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган) қонун ҳамда 3 та халқаро шартномалар ва битимларни ратификация қилишни назарда тутувчи қонундир.

Қайд этилганидек, Қонунчилик палатасининг мамлакатимизда демократик ислоҳотларни рўёбга чиқариш, ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш жараёнларида иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Ҳисобот даврида қуйи палатанинг айниқса парламент назоратини таъминлаш йўналишидаги ишлари сезиларли даражада жонланди.

Парламент ўз ваколатлари доирасида ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатиб, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда қатнашмоқда. Хусусан, ўтган даврда Қонунчилик палатаси мажлисларида Ҳукумат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан жами 11 маротаба ахбороти эшитилди.

Шунингдек, парламент сўрови институтидан депутатлар корпусининг ҳудудларда муҳим масалалар юзасидан олиб бораётган ўрганишлари якунлари, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлари ҳамда сайлов округларидаги фаолияти давомида сайловчилар томонидан қўйилаётган ўткир масалаларни парламент даражасида олиб чиқиш ҳамда уларга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг эътиборини қаратган ҳолда ҳал этишнинг самарали механизмларидан бири сифатида фойдаланилмоқда. Шундан келиб чиқиб, ўтган вақт мобайнида Қонунчилик палатаси томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 4 та парламент сўрови юборилди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, ҳисобот даврида жойлардаги тизимли муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида қуйи палата мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш шакли – “ҳукумат соати” институтидан самарали фойдаланилди. Ҳисобот даврида тасдиқланган жадвал асосида 4 маротаба “ҳукумат соати” ўтказилди.

Қўмиталар томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириш доирасида 23 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Улардан 11 таси қонунлар ижросининг бориши, 3 таси давлат бюджети ижроси, 1 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларининг ижроси ҳолатини ўрганишга қаратилган.

Мазкур назорат-таҳлил тадбирлари давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан қонунлар ва қонуности ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиниши устидан парламент ҳамда депутатлар назоратини ўрнатиш имконини бермоқда.

Тадбирда ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга депутатлар атрофлича жавоблар беришди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan