Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари билан икки томонлама меморандум имзолади – Парламент тадқиқотлари институти
Сайловга оид янгиликлари Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтиришга доир меморандум имзолади.

Хусусан, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “ЗўрТВ” телерадиокомпанияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда тайёргарлик ишларининг олиб борилиши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзолади.

Мазкур ҳужжатда сайлов қонунчилиги нормаларига амал қилган ҳолда барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари ҳақидаги маълумотларни сайловчиларга ўз вақтида етказиш каби муҳим вазифалар акс этган.

Тадбирда сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг роли муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Сайлов кампанияси давомида сайловчилар барча муҳим воқеа ва янгиликлардан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан ОАВ сайлов кампанияси даврида ташвиқот ишлари, сайлов комиссиялари фаолияти ва бошқа масалаларни кенг ёритиб бориб, аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишда фаол бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2019 йил бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловлари кампанияси даврида телевидениеда 16 минг 738 та, радиоканалларда 6 минг 914 та, босма оммавий ахборот воситаларида 4 минг 771 та, веб-сайтларда 2 минг 278 та, телеграм каналларида 3 минг 435 га яқин, ижтимоий тармоқ саҳифаларида 6 минг 723 та, жами республика бўйича 40 минг 860 га яқин сайловга оид материаллар берилган.

Бундан ташқари, 40 минг 800 дан ортиқ сиёсий партияларга оид ахборотлар, шунингдек, халқаро ОАВ орқали 100 дан ортиқ сайловга оид материаллар эълон қилинган.

Тадбир сўнггида меморандум имзолаган оммовий ахборот воситалари раҳбарлари жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда катта сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юксак савияда ташкил этиш учун зарур чоралар кўрилганини қайд этишди.

Шаҳноза Маматуропова,

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan