Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 15 июль куни “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференция доирасида Марказий Осиё халқаро институтининг расмий очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари Наталя Герман ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Марказий Осиё халқаро институтининг расмий очилиш маросими қатнашчиларига йўллаган табригини Сенат Раиси Т.Нарбаева ўқиб эшиттирди. 

Қайд этилганидек, мазкур институт давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилиб, у минтақа давлатлари ҳамкорлигини ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил ва тадқиқ қилиш билан шуғулланади.

Қолаверса, минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишлар, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ турли бошқа таҳдид ва муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқот ишларини олиб боради. Шунингдек, институт қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини таҳлилий ёндашувлар асосида пухта ўрганади.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan