Ҳуқуқий ислоҳотларни самараси: давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 21-22 май кунлари Адлия вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAIDнинг Ўзбекистондаги Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ўтказилиши кўзда тутилган “Ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда давлат ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик” мавзусидаги Миллий коференция ўз ишини бошлади.

Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича тажриба алмашиш ва бунга кенг жамоатчиликни жалб этишдан иборат.

Миллий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, “Тараққиёт Стратегияси” маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Юристлар малакасини ошириш маркази, “МАДАД” ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбир очилишида USAIDнинг Ўзбекистондаги Демократия ва бошқарув миссияси директори Д.Биган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш.Бафаевлар кириш сўзи билан иштирок этишди.

Шунингдек, Қонунчилик муаммолари институти директори Ф.Отахонов “Фуқаролик жамияти институтларининг норма ижодкорлигида иштирок этиш имкониятлари” мавзусида маъруза билан иштирок этиб, фуқаролик жамияти институтларининг норма ижодкорлигида иштирокининг ҳуқуқий асослари, иштирок этиш механизмлари, қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатаси қўмиталарида фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда муҳокама қилиш тартиби ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Конференция якунида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳамда қонун ижодкорлигида давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳокама қилинди ҳамда тегишли тавсиялар берилди. Шу билан Миллий конференциянинг биринчи иш куни ниҳоясига етди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan