Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда электорал маданиятнинг аҳамияти – Парламент тадқиқотлари институти
Сайловга оид янгиликлари Янгиликлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда сайлов жараёнлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш, сайловлар бўйича халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик нормаларига доир ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, сайловларни ва референдумларни ўтказувчи комиссияларни шакллантириш, сайлов комиссиялари аъзоларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича тажриба тўпланди. Хусусан, Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва электорал маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда уларни ташкил этиш ва ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ҳамда бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Сайлов бўйича халқаро стандартлар ва тавсиялар миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич имплементация қилинмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг барча қатламларига сайловга оид ахборотни тезкор ва аниқ йўналтирилган ҳолда етказмасдан, бу борада уларнинг хабардорлиги ва электорал маданиятини юксалтирмасдан туриб, демократик ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиб бўлмайди.

Зеро, мамлакатимизда сайлов ҳуқуқини таъминлаш масаласи фуқароларимиз учун жамият ва давлат ишларини бошқаришда фаол иштирок этишнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

2021 йил 15 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда электорал маданиятнинг аҳамияти” мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Адлия вазирлиги, Ёшлар парламенти, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлар институти, Марказий сайлов комиссияси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад — фуқароларнинг сайлов жараёнларида фаол иштирок этишини, ёшларнинг ўзлари учун муносиб бўлган танловни амалга оширишда сайловлар ва референдумларда иштирок этишга бўлган интилишини янада кучайтириш, электорал маданиятни юксалтириш чораларини белгилашдир.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов кириш сўзи билан очиб берди,  Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Ф.Отахонов модераторлик қилди.

Мавзу доирасида маърузачилар томонидан иштирокчиларга 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сиёсий ҳуқуқлар, хусусан, фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш соҳасида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилганлиги, хусусан, аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш борасидаги асосий мақсад ва вазифалар, йўналишлар, фуқароларнинг сайлов жараёнларидаги фаоллигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига олган аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури юзасидан батафсил ахборот берилди.

Бундан ташқари, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирок этишга бўлган интилишлари ортиб бораётганлиги ўз навбатида сайлов қонунчилигидан хабардорлик даражасини оширишни, сайлов ҳуқуқини тўлақонли амалга ошириш борасидаги кўникмаларини мустаҳкамлашни, сайлов жараёнининг барча иштирокчиларида сайлов ҳуқуқини ҳурмат қилиш, сайлов қонунчилигига қатъий риоя этиш кўникмасини шакллантиришни, сайлов билан боғлиқ ахборотни тезкор етказишни тақозо этаётганлиги ҳам алоҳида эътибор талаб қилади.

Таъкидланганидек, Миллий ҳаракатлар дастурининг мақсади аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, давлат ва жамият бошқаруви ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда ҳар бир сайловчининг шахсан иштироки муҳимлигини тушунтириш, “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилини рўёбга чиқариш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини намоён этган ҳолда сайлов ҳуқуқларидан фойдаланишини таъминлаш чораларини кўришдан иборатдир.

Шунингдек, сайлов жараёни барча иштирокчиларининг сайловлар борасидаги билим ва кўникмаларини оширишда аниқ йўналтирилган ёндашувдан фойдаланишга ҳамда ушбу жараённи замонавий илмий-услубий воситалар билан таъминлашга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, электорал маданиятни юксалтириш ушбу йўналишда шаклланган амалдаги тажрибани тизимлаштиришни, шунингдек сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган фаолиятга янги услубларни жорий этишни, ёшларнинг сайлов жараёнларига фуқаровий дахлдорлигини кучайтиришни талаб этмоқда.

Шу боис, Миллий ҳаракатлар дастурини амалга ошириш натижасида аҳолининг электорал маданияти юксалади, сиёсий партиялар ва номзодларнинг сиёсий платформалари ҳамда сайловолди дастурлари билан тезкор ва қулай тарзда танишиш имконияти яратилади, миллий сайлов қонунчилигининг халқаро демократик тамойилларга мослиги, адолатлилиги ва фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши юзасидан ижобий муносабат шаклланади.

Қизғин ва конструктив руҳда ўтган тадбирда иштирокчилар фуқароларнинг сайлов тўғрисидаги ҳуқуқий билимларини, ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролига алоҳида тўхталиб, сайловчиларнинг, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлов жараёнларида ҳамда овоз беришда бевосита иштирок этишининг аҳамиятини тушунтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сиёсий партиялар кузатувчиларининг сайлов қонунчилиги бўйича ўқувини ташкил этиш, сайлов тартиб-таомилларининг қонунийлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан таклиф-тавсияларини билдирдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. 

Батафсил: https://parliament.gov.uz/uz/events/committee/34958/

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan