“Uzbekistan GTL” мамлакатимиз нефть-газ-кимё саноати соҳасида янги даврни бошлаб бермоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда иқтисодий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар сабаб мамлакатнинг иқтисодий юксалишида янги бир даврга қадам қўйилди. Эътиборли томони ушбу жараёнлар нафақат ички, балки ташқи иқтисодий юксалишларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Натижада, Ўзбекистон глобал иқтисодий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб, мамлакатда амалга оширилаётган макроиқтисодий, пул-кредит сиёсати ва банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар шунингдек, иқтисодий гиганд лойиҳалар бўйича халқаро жамоатчилик, хусусан, хорижий инвесторлар томонидан ижобий фикрлар билдирилиб, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичлари яхшиланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистоннинг очиқ маълумотлар ретингидаги кўрсаткичлари сўнгги беш йилда 124 поғонага кўтарилиб, 2016 йилги 168 ўриндан 2020 йилга келиб 44 ўринга кўтарилди. Шу билан бирга, 2020 йилда Ўзбекистон биринчи марта Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари бўйича меъёрий чекловлар индексига киритилди ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун иқтисодиётнинг очиқлиги бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллади.

Бунда эса дастлаб, иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳудудларнинг иқтисодий имконият ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарда ҳамда улар учун яратилган инфратузилмаларнинг яхшиланиши муҳим рол ўйнаган бўлса, айни кунда турли хил йўналишлардаги катта-катта лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши сабаб, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти янада юксалмоқда.

Айниқса ушбу жараёнларда мамлакатимиз ва минтақанинг нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги иқтисодий мустақиллигини таъминлаш борасида ташланаётган қадамларни ўрни муҳим саналади. Бунга биргина мисол сифатида жорий йилнинг 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида фойдаланишга топширилган “Uzbekistan GTL” заводи фаолиятини айтиб ўтиш мумкин.

Мазкур заводда йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Қувонарлиси, барча турдаги ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифати жиҳатидан бугунги кун ва халқаро талабларга тўлақонли жавоб беради.

Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт маҳсулот ўрни қопланади. 200 миллион долларлик экспортга маҳсулот чиқарилиб, 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари туширилади.

Натижадорлик жиҳатидан айтганда, завод фаолиятида табиий газ 3 баробар юқори қийматли тайёр маҳсулотларга айлантирилади. Шунингдек, 1300 га яқин фуқароларимиз муносиб меҳнат ҳаққига эга бўлган даромади юқори иш ўринларига эга бўлади.

Шу ўринда яна бир нарсани такидлаб ўтиш ўринлидир. Бугун дунё саноати ривожида сифатли ва экологик тежамкор энергия барқарорлигига эришиш энг муҳим босқичлардан бири саналади. Шуни инобатга олиб айтиш мумкинки, заводда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, ишлаб чиқарилиш жараёнидан тортиб истеъмолгача бўлган даврда қўшимча минглаб янги иш ўринлари яратилишига асос бўлади.

Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади. Шу боис, янада юқори қўшилган қийматли бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилмоқда. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.

Мазкур заводнинг яна бир ўзига хослиги, бугунги кунда бутун дунё “яшил иқтисодиёт”га ўтмоқда, савдо-сотиқ муносабатларида шу борадаги талаблар кучаймоқда. “Uzbekistan GTL” маҳсулотлари эса жаҳондаги энг юқори экологик талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда тайёрланадиган синтетик ёқилғи анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан, йилига 13 минг 500 тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишининг олди олинади.

Хулоса қилиб айтганда, “Uzbekistan GTL” заводи фаолиятининг такомиллашиб бориши, Ўзбекистон иқтисодиётининг юксалиш жараёнини дунё ҳамжамияти учун тўлақонли намоён этиш ҳамда мамлакатимиз ва минтақанинг иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

www.parliament.gov.uz

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan