Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли турмуш даражасини ошириш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш учун бир қатор ҳаётий ва халқчил таклифлар илгари сурилди. Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар, Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид, хавф-хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш каби бир қатор устувор ғояларнинг таклиф этилгани мамлакатларнинг иқтисодий ва ижтимоий турмуш фаравонлигини фаоллаштиришга ҳизмат қилади.

Бундан ташқари, Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу таҳлил маркази қошида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчиларидан иборат Экспертлар кенгашини тузиш ва Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиш таклифи билан чиқилгани ҳам аҳамиятли бўлди.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё минтақасида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир. Ривожланиш драйверлари ҳамда “янги ўсиш нуқталари”ни биргаликда аниқлаш ва мунтазам мулоқотлар учун самарали майдон яратилди.

Ўзбекистон конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр бўлган ишончли ва барқарор, қатъий позицияга эга шерик эканлиги конференцияда ишонч билан таъкидлаб ўтилгани мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди. Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратади.

Бир сўз билан айтганда, очиқ ва самимий мулоқотлар натижасида минтақамизда ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳига асосланган мутлақо янги муҳит шакллангани мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим омил бўлади.

 

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan