Марказий ва Жанубий Осиё: сиёсат майдонида янги кадам – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан Ўзбекистоннинг нафакат ички сиёсатида, балки ташқи сиёсатида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда. Тарихий қисқа давр ичида Ўзбекистоннинг минтақадаги барча мамлакатлар билан  муносабатларида катта ижобий ўзгаришлар юз берди.

Тошкентда ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бунинг яна бир исботидир. Халқаро конференциянинг асосий мақсади – Ўзбекистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича стратегик қарашларини намойиш этиш, икки минтақани иқтисодий ривожланган ҳудудга айлантириш, яхши қўшничилик ва қардошлик анъаналарини мустаҳкамлаш, дўстлик, ҳамкорлик муҳитини кучайтиришга замин яратиш, шунингдек, истиқболли бозорларга чиқиш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб қилиш, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилишдир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро конференцияда сўзлаган нутқида Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари азал-азалдан халқлар ва цивилизациялар ўртасида фаол мулоқотга хизмат қилганини таъкидлади. Икки минтақанинг ўзаро яқин ҳамкорлиги натижасида тиббиёт, география, математика, меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви каби соҳалардаги муваффақиятлар, маданий ва маърифий қадриятлар кенг ёйилгани каби масалаларга алоҳида тўхталди. Қолаверса, Марказий ва Жанубий Осиё азалдан ишончли савдо йўллари билан боғланиб, Яқин Шарқ, Европа ва Хитой мамлакатлари учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтаганини қайд этди.  

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатларида юритган янгича очиқ сиёсати туфайли минтақада ижобий  сиёсий муҳит шаклланди, дўстлик ва ўзаро манфаатга асосланган муносабатлар мустаҳкамланиб, ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сўнгги йилларда эришилган сиёсий ишонч ва яхши қўшничилик  муносбатлари минтақанинг бугунги тарихида ижобий  босқични ифодаламоқда.

Ўзбекистоннинг ҳар бир қўшни давлат билан муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқиши ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириши, амалда қўшни давлатларда низоли ҳолатларни камайишига, унинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтиришга ёрдам бермоқда.

Мазкур халқаро конференция хавфсизлик, тинчлик, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва экологик таҳдидларга қарши курашиш, жумладан,  Оролбўйи муаммоларини ҳал этишда сайъ-ҳаракатларни бирлаштириш, икки минтақага инновацион технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини татбиқ этиш каби соҳаларда минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашиш майдонига айланди, десак муболаға эмас.

Халқаро анжуманга ташриф буюрган БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари (МОПДММ) Наталия Герман билан Олий Мажлис Сенати Раиси ўртасида мулоқот ўтказилди. Н. Герман сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилгани, қолаверса, БМТ резолюцияларини амалиётга татбиқ этиш бўйича қилинаётган ишларни алоҳида эътироф этди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, шунингдек, Марказий Осиё етакчи аёллари платформаси доирасидаги тизимли тадбирлар юзасидан ижобий фикр билдирди.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу нуфузли халқаро анжуман халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш, минтақаларимиз ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тинчлик, давлатлар равнақи ва халқларимизнинг фаровонлиги йўлида муҳим қадам бўлади.

 

Малика КАДИРХАНОВА,

Олий Мажлис Сенати
Хотин-қизлар ва гендер тенглик
масалалари қўмитаси раиси.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan