Сенаторлар халқ депутатлари Касби туман Кенгаши депутатлари билан учрашди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров, сенаторлар А. Эркаев ва И.Қурбонов Касби туманида парламент юқори палатасининг ўн олтинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида ижтимоий соҳа вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашди.

Учрашувда қонунчиликдаги янгиликлар, қонунлар, қарор ва қонуности ҳужжатлари, шу жумладан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун юзасидан тушунтириш берилди.

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуҳ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида, хусусан, рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалланинг иштироки бекор қилингани, маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилгани ва диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилингани ҳақида тўхталиб ўтди.

Қолаверса, учрашувда рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташлангани ва диний ташкилот қонун талабларини қўпол равишда бузган тақдирда, унинг фаолияти фақат суд орқали олти ойгача тўхтатиб қўйилиши мумкинлиги тушунтирилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan