2021 йил 17 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Ушбу ҳужжат қўмита аъзолари томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришда ҳосил бўладиган парчаларни ва чиқиндиларни, қимматбаҳо металларнинг ўлчов пластиналари ва гранулалари, кимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши назарда тутилмоқда.
Лойиҳа билан уч йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти бериляпти. Бу қулайликлар уч йилдан ортиқ товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ҳам татбиқ этилиши белгиланмоқда.
Тадбирда лойиҳанинг ҳар бир моддаси қўмита аъзолари, экспертлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди. Депутатлар томонидан берилган таклифлар асосида ундаги нормалар янада такомиллаштирилди.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши, аҳоли даромадаларининг кўпайишига, тадбиркорлик субъектларининг янада ривожланишига хизмат қилади.
www.parliament.gov.uz