


Жорий йилнинг 12-15 июль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Grand Avenue park дам олиш зонасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури кўмагида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Парламент назоратини амалга оширишда гендер ёндашуви” мавзусидаги семинар-тренинг ташкил этилди.
Ушбу семинар-тренингни ўтказишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият ишларини бошқаришда гендер тенглиги масаласини таъминлаш, гендер тенгликнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, бу бўйича ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси билан яқиндан танишиш, шунингдек амалиётда юзага келаётган айрим масалаларнинг ҳуқуқий ечимлари юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти маъсул ходимлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари, вазирлик ва идораларнинг гендер масалаларига масъул бўлган ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Кадирханова кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглигини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси К.Бурхонов сенаторлар томонидан жойларда парламент назоратини амалга ошириш жараёнида гендер тенгликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор берилаётганлиги, Сенат томонидан қонун лойиҳаларини кўриб чиқишда ҳам мазкур масала сенаторларнинг диққат марказида бўлиб келаётганлиги ҳақида амалий мисоллар билан тушунтиришлар берди.
Тадбирда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури координатори Малика Инакова ҳам кириш сўзи билан иштирок этиб, Ўзбекистондаги гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ўзгаришлар шунингдек бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар юзасидан тренинг иштирокчиларига атрофлича маълумотлар берди.
Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси Л.Саидова томонидан семинар иштирокчиларига миллий қонунчиликда гендер масалаларига доир белгиланган нормалар шарҳлаб берилди, амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқликлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Семинар тренингда ўз маърузаси билан иштирок этган Н.Гаппарова универсал ва минтақавий ҳужжатларда қайд қилинган гендер ҳуқуқининг халқаро стандартлари хақида нутқ сўзлаб, бу борада Ўзбекистоннинг ўрни ва роли хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, жамиятда гендер таълимнинг долзарблиги ва асосларини тўлиқ шакллантириш омиллари ва шарт-шароитлари яратилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури тренерлари Н.Гаппарова ва
А.Исломов томонидан тингловчиларда гендер тенгликни таъминлаш бўйича кўникмаларни шакллантиришга қаратилган турли интерактив лойиҳалар ташкил этилди.
Шунингдек, семинар тренинг давомида иштирокчилар гендер бюджети, депутатларнинг гендер тенглигини таъминлашдаги роли ва вазифалари, таълим жараёнида гендер ёндашувининг долзарблиги ҳамда хотин-қизларни камситиш масалалалари бўйича фикрлар алмашдилар.
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти маъсул ходимлари: А.Тешабоев, Ғ.Махаммаджанов, С.Ишанходжаев, ва Б.Тошпўлатовлар семинар-тренингда фаол иштирок этишди
ва сертификатларни қўлга киритишди.
Акбаршоҳ Тешабоев,
Ғолибжон Махаммаджанов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти ходимлари