Олий таълим тизими ва илм-фан соҳаси вакиллари учун янги имкониятлар эшиги очилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференцияда Афғонистон Ислом Республикаси президенти, Покистон Ислом Республикаси бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этди.

Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар муҳокама қилинди.

Кун тартибидан савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, «яшил» технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш ўрин олди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқида “янги глобал геосиёсий ўзгаришлар даврида қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий заруратга айлангани”ни таъкидлади. Президент нутқида шу мақсадларга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор экани таъкидланиб, бу соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, кооперация ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун ҳар йили минтақалараро форум ўтказиш таклифи билдирилди.

Давлат раҳбари Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши бу архитектурада муҳим бўғин бўлади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради. Шу боисдан ҳам, бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Марказий ва Жанубий Осиёнинг туризм салоҳиятидан кенг фойдаланиш мақсадида туроператорларнинг ягона платформасини шакллантириш, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти иштирокида минтақада туризмни янада ривожлантириш бўйича фикрлар билдирилди.

Илмий ва маданий-гуманитар алмашинувларни кўпайтириш дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шу йўналишда ЮНЕСКО шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклиф этилди.

Давлат раҳбари илм-фан, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида аҳамият қаратди. Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Албатта, бу масалалар биз, олий таълим тизими ва илм-фан соҳаси вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очади. Чунки бугун мамлакатимиздаги олий таълим муассасалалари таълим жараёнини модернизация қилиш йўлида халқаро ҳамкорлик алоқаларини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.

Умуман олганда, мазкур форумнинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида унда қатнашган мамлакатимиз ва хорижлик мутахассислар ўзларининг ижобий фикрларини баён этди. Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этилиши эътиборга лойиқ.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий-маданий муштараклиги, мамлакат ва халқларимизнинг бир-бирига мос келувчи манфаатлари умумий фаровон келажакни барпо этишимиз учун асос бўладиган мустаҳкам пойдевордир.

Бахром Абдуллаев

Урганч давлат университети ректори.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan