Тиббиёт ислоҳотлари: юксак талабларга жавоб беради – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало қишлоқ ва шаҳарларимиз қиёфаси, юртдошларимизнинг ҳаёт тарзи, турмуш даражаси тобора юксалаётганида, шу билан бирга эришаётган муваффақиятларимиз дунё ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилаётганида яққол намоён бўлмоқда.

Хусусан, ўтган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида бир қатор соҳалар каби мустабид тузум даврида оғир муаммолар гирдобида қолган тиббиёт соҳасида ҳам туб бурилиш ва сифат ўзгаришлари рўй бериб, бу борада амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар аҳолининг соғлом турмуш кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадлар рўёбига замин яратди.

Мустақилликдан олдин Ўзбекистонда ҳукум сурган қарамлик даврида биргина энди дунёга келган чақалоқларни парваришлашда, фуқароларимиз айниқса кекса ёшдагиларга тиббий хизмат кўрсатишда ҳам номақбул ёндашувлар мавжуд эди. Жумладан, болалар туғилган заҳотиёқ онасидан ажратилар, чақалоқар сақланадиган хоналарда етарли даражадаги шароитлар таъминланмаган, фуқароларимизга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатилмас эди. Натижада гўдакларда турли нуқсонлар пайдо бўлиш ҳоллари ҳам кузатиларди. Ёки пахта яккаҳокимлиги туфайли республикамизда экологик вазият кескинлашуви оқибатида қанчадан-қанча болалар майиб-мажруҳ туғилгани, қанчаси бедаво дардларга мубтало бўлганини халқимиз яхши эслайди.

Минг шукурки бугун истиқлол берган неъмат Мустақиллик туфайли юртимизда тиббиёт соҳаси ва аҳоли саломатлигига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Мамлакатимизда жаҳон тажрибаси асосида ҳомиладор аёлларни таркибида фойдали микроэлементлари бўлган поливитаминлар билан бепул таъминлаш амалиёти жорий этилди. Бундай кенг қамровли ишлар натижасида оналар ўлими 3,2 баробарга, болалар ўлими эса 3,4 баробарга камайди. Камолга етаётган болаларнинг тўқсон икки фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келмоқда.

Шунингдек, ўз вақтида фуқароларимизга кўрсатиб келинаётган тиббий хизмат ва соғлом турмуш тарзи учун яратиб берилган шароитлар натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги 73,8 ёшни, хусусан, эркаклар учун — 71,4 ёш, аёллар учун эса — 76,2 ёшни ташкил этмоқда. Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш, рационал овқатланиш маданиятини тарғиб этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини фойдали элементлар билан бойитиш, микронутриент танқислиги туфайли келиб чиқадиган касалликларнинг олдини олиш ишлари ҳам тизимли ҳолатда йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, охирги беш йилда тиббиёт олийгоҳларига бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотаси 20 фоиз, мақсадли магистратура 10 фоиз, клиник ординатура квотаси эса 15 фоизга оширилди. Юқори малакали тиббиёт кадрларига юқори талаб мавжуд бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул бўйича квоталарни давлат грантлари асосида мутахассислар тайёрлашнинг умумий белгиланган параметрлари доирасида ажратиш механизми йўлга қўйилди.

Шунингдек, замонавий билимларни чуқур эгаллаган юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида юртимизда ривожланган давлатлар тиббиёт олий ўқув юртларининг филиаллари очилди. Шифокорларимизнинг хорижий давлатларда тажриба ўрганишлари ташкил этилиб, чет эллик тиббиёт мутахассисларини ўзимизга жалб этиш борасида ҳам қатор амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Натижада, 30 йиллик қисқа тарих ичида сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, хирургия, кардиология, урология, терапия, эндокринология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал ва ишончли тармоғи вужудга келди. Айниқса, соҳада бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими шакллангани, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда оилавий поликлиникаларда аҳолига юқори сифатли тиббий хизматнинг йўлга қўйилгани қувонарли ҳолдир.

Шунингдек, фуқароларимиз жуда катта маблағ сарфлаб чет элларда амалга ошириб келаётган нозик ва қийин жарроҳлик амалиётлари нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли бажарилаётгани соҳа моддий-техник базаси ва тиббий кадрлар салоҳияти давр билан мутаносиб равишда такомиллашиб бораётганидан далолтдир.

Хусусан, 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасида ҳам аҳолига қулай ва сифатли бирламчи тиббий-санитария, тез тиббий ёрдам ҳамда ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, гематологик, онкогематологик ва бошқа даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу касалликлар профилактикасини кучайтириш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Аҳолига гематологик ёрдам кўрсатишни янги босқичга кўтариш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш тизимини янада ривожлантириш, соҳага илғор ташхис усулларини жорий этиш ва гематологик касалликларни даволашда трансплантация усулини ривожлантириш, гематология ва трансфузиология хизматларининг моддий-техник базаси ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни даволашни молиявий томондан қўшимча қўллаб-қувватлашни ташкил этиш мақсадида, гематологик касалликларга ташхис қўйиш учун тиббиёт муассасаларининг лабораторияларини реагентлар билан таъминланганлик даражасини 7,5 баробарга ошириш режалаштирилмоқда.

Хусусан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ва кейинги беш ўқув йили давомида “Гематология ва трансфузиология” мутахассислиги йўналиши бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрлари давлат гранти асосида тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Ҳудудий тиббиёт муассасаларининг гематолог ва лаборант шифокорларини асосий иш жойларида ойлик маоши сақлаб қолган ҳолда республиканинг етакчи тиббиёт муассасаларида стажировка ўтиши ва малака ошириши ташкил этилади.

Шунингдек, сўнгги йиллардаги тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар натижасида тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Жумладан, Давлат раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрда “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий йил 1 июлдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ, тажриба-синов лойиҳа ишлари бошланди. Тажриба-синов лойиҳасининг натижаларига кўра, давлат тиббий суғуртаси тизими республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этилади.

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида гап кетганда ушбу соҳасни фармацевтика соҳасида олиб борилган ислоҳотларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Сўнгги йилларда фармацевтика соҳасидаги фармацевтика бозори ва фаолиятини давлат томонидан бошқариш ҳамда ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистон фармацевтика бозорида МДҲ давлатлари ичида Россия ва Украинадан кейин 3-ўринни эгаллаб, соҳанинг ўсиш динамикаси йиллик 8–10 фоизни ташкил этмоқда. Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ҳам кундан кунга ортиб бориб 2020 йил якунига кўра улар сони 202 тани ташкил этмоқда.

Жумладан, тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2016 йилда соғлиқни сақлаш тизими учун Давлат бюджетида 5,4 трлн.сўм, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун 227,0 млрд.сўм маблағ ажратилган бўлса, ушбу кўрсаткаич 2021 йилга келиб, соғлиқни сақлаш тизими учун 16,5 трлн.сўмга, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун эса 1,7 трлн.сўмга оширилди. Бунинг натижасида эса, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини манзилли тиббий-ижтимоий хизмат билан қамраб олиш орқали уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграцияси таъминланмоқда.

Бу каби ўз вақтида тизимда амалга оширилган ислоҳотлар 2020 йил бутун дунё учун синовли бўлган пандемия даврида халқимиз саломатлигини асраб-авайлашда ўзининг ижобий натижаларини яққол намоён қилди. Тиббиёт муассасаларимизнинг замонавий асбоб ускуналар билан таъминланганлиги, фуқароларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш маданиятининг шаклланганлиги пандемия даврининг кучли бўлган икки тўлқинидан ҳам талофатсиз ўтиб олиш имконини берди.

Хулоса, қилиб айтганда ўтган қисқа ват мобайнида Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида ҳам улкан натижаларга эришилди. Қувонарлиси бу борада бошланган ишлар тизимли тарзда давом эттирилмоқда.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan