Қонун лойиҳаси билан қандай ўзгаришлар кутиляпти? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, қонун ташаббускорлари, масъул вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирокида тузилган ишчи гуруҳнинг бир нечта йиғилишлари ўтказилиб, уларда қонун лойиҳаси бўйича сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинган ҳолда, лойиҳа маромига етказилди. 

Лойиҳанинг 24-моддасида Фавқулодда ҳолатнинг жорий этилиши инсонлар ва фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24, 25, 26-моддалари, 27-моддасининг биринчи қисми, 30, 31 ва 44-моддаларида белгиланган эркинликлари ва ҳуқуқларини чеклашга асос бўла олмаслиги кўрсатиб ўтилмоқда. Хусусан, Бош қомусимизда белгиланган яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи каби инсоннинг қатор асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар қандай ҳолатда ҳам чекланмаслиги белгилаб қуйилмоқда.

Халқ вакилларининг айтишича, мазкур қонун давлат бошқаруви тизими орқали самарали ва тезкор фавқулодда чораларни қўллашга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга имкон беради.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan