Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақа давлатлари раҳбарлари саммитига тайёргарликнинг боришини муҳокама қилдилар – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Туркманистон етакчиси давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий табриклаб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, энг аввало, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.

Президентлар жорий йил 6 август куни “Аваза” миллий туризм ҳудудида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида тўхталдилар. Бўлажак тадбирнинг кун тартиби ва дастури юзасидан фикр алмашилди.

Туркманистон Президенти Ўзбекистон етакчисини Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиёнинг боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича юқори даражадаги халқаро конференция муваффақиятли ўтказилаги билан ҳам самимий қутлади. Ушбу форумнинг самарали натижалари кенг минтақада амалий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш учун яхши асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

www.president.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan