Қонунчилик палатаси Спикери Туркия парламенти раиси билан телефон орқали мулоқот қилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоиловнинг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафо Шентоп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида томонлар яқинда бўлиб ўтган Ийд-ал-Адха – Қурбон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутладилар.

Туркия парламенти раиси М.Шентоп ҳозирги кунда икки давлат ўртасида парламентлараро, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берадиган конструктив ва очиқ муносабат ўрнатилганлигини қайд этди.

Мулоқотда таъкидланганидек, икки давлат раҳбарларининг самимий дўстлиги ўзаро алоқаларнинг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.

М.Шентоп Туркий давлатлар ичида Ўзбекистоннинг ўрни беқиёслиги, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам нуфузи, маданий меросларга бойлиги билан муҳим аҳамиятга эга эканини, Туркия Ўзбекистонни ўзи учун қатъий ва ишончли шерик сифатида билишини айтиб, ўзбек томонининг Туркий тилли давлатлар Парламентлараро Ассамблеясига аъзо бўлиши бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Мулоқот чоғида томонлар жорий йилнинг 31 май – 3 июнь кунлари Исломобод шаҳрида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Парламент Ассамблеясининг 2-Бош конференцияси ҳамда 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик халқаро форуми, уларнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар.

Қайд этилишича, бу каби форумлар ўзаро тажриба алмашиш, парламентлар ўртасида алоқаларни кучайтириш, барқарор ривожланиш соҳасида янги усул ва воситалар ишлаб чиқиш, соҳада назарий ва амалий тажриба алмашишда ўзига хос майдон бўлиб хизмат қилади.

Туркия парламенти раиси Ўзбекистон Республикасининг яқинлашиб келаётган давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан ҳам қутлади.

Суҳбатдош Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, икки томонлама дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилаётган эътиборни алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мулоқотда икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan