Тошкент конференцияси Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги стратегик қарашларини ўзида акс эттирди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция якунлари кенг муҳокама қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган нуфузли анжуман жаҳоннинг етук сиёсатчилари томонидан Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун жуда фойдали, ғоявий жиҳатдан юксак даражадаги ташаббус дея этироф этилди. Тошкент нафақат икки минтақа, балки дунёнинг кўплаб мамлакатлари миқёсидаги глобал муаммолар юзасидан фикр алмашиш чорраҳасига айланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов:

— Халқаро конференция юксак савияда ва натижадорлик билан якун топди. Ҳали яқин ўртада минтақамизда бундай кун тартиби тиғиз ва салмоқли анжуман ўтган эмас. Буни дунё тан олди. Қарийб элликка яқин мамлакатдан делегация вакиллари Тошкентга ҳамжиҳат бўлиб, турли тилларда сўзлашса-да, бир-бирини тушуниб цивилизациянинг янги босқичларида ишончли ва тенг манфаатли ҳамкорликка чоғланди. Мақсад ҳам битта, биргаликда узоқ ўтмиш ришталарини тиклаш, мустаҳкамлаш ва тараққиёт сари якдилликда интилишдан иборат. Ушбу конференцияда Ўзбекистон икки минтақа ва дунё айвонида юзага келган халқаро масалалар юзасидан ўзининг мустаҳкам тинчликпарвар позицияси борлигини намоён этди.

Мамлакатимиз жаҳонга янгитдан очилди. Давлатимиз раҳбарининг яқин қўшничилик ва халқаро сиёсий майдондаги одилона сиёсати мазкур анжуман негизида қитъалараро кўп қиррали муносабатларни янги босқичда ривожлантириш имконияти мавжудлигини исботлаб берди. Деярли узоқлашиб кетган кетган маданий-маърифий, иқтисодий-ижтимоий алоқаларни тиклашга пойдевор қўйилди. Дўстлик ришталарига ўтмиш садолари остида қайта ҳаёт бахш этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг инсониятни ҳамжиҳатликнинг бир нуқтасида бирлаштиришдек улкан ғояси анжуманни мантиқан мувофаққиятли ўтишини таъминлади. Бир сўз билан Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий алоқаларни тиклаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга қаратилган Тошкент конференцияси Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги стратегик қарашларини ўзида акс эттирди.

Мураккаб пандемия шароитига қарамасдан, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари раҳбарлари билан бир қаторда жами 44 та давлат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этган ушбу тарихий тадбир Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуснинг глобал миқёсда муҳим аҳамиятга эга эканлигини исботлади.

Тарихий халқаро конференцияда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаган ҳолда уларни рўёбга чиқаришда депутатлар корпуси ҳам фаол иштирок этади.

Биринчидан, сайлов округларида сайловчилар билан ўтказиладиган учрашувлар давомида депутатларимиз конференциянинг давлатимиз ҳамда минтақа истиқболи учун долзарб аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириб, Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар мазмун-моҳиятини халқимизга етказишни мақсад қилиб олди.

Иккинчидан, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари мамлакатлари парламентлари билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Учинчидан, Президентимиз томонидан кун тартибига қўйилган ғоя ва таклифларни ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқий асосларни яратиш муҳим. Шу боис, барча депутатлик корпуси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга ҳамда бу борада илгари сурилаётган ташаббусларни амалда ўз ифодасини топиши учун бор салоҳият ва имкониятларини ишга солиши келишиб олинди.

Тўртинчидан, сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари, қўмиталари ушбу нутқ юзасидан ўз позициясини билдириб, бу борада алоҳида вазифаларни белгилаб олиши, шунингдек, Қонунчилик палатаси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, тегишли “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan