Олий Мажлис Сенати Раиси Исроил Давлати Кнессети Спикери билан онлайн мулоқот ўтказди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва Исроил Давлати Кнессети (Парламенти) Спикери Ярив Левин ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Унда томонлар парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва унинг истиқболларини муҳокама қилди.

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама муносабатлар ривожлангани, парламентлараро алоқалар сезиларли даражада жонлангани таъкидланди.

Суҳбат чоғида давлатларнинг ҳамкорлиги, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий таълим, инновацион ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда эришилган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Бугунги кунда Олий Мажлисда Исроил давлати парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият олиб бормоқда.

Исроил Давлати Кнессети Спикери Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасига юқори баҳо бериб, икки давлат муносабатлари кўп йиллик тарихга эгалигини таъкидлади.

Шу билан бирга, икки томонлама иқтисодий, туристик, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамда ҳудудлараро ҳамкорлик, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилди. Хусусан, Оролбўйи минтақасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон билан Исроил ўртасида парламентлараро мулоқотни бундан кейин ҳам фаол давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan