Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 27 июль куни Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, Қўмита экспертлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Жумладан, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, унинг ижроси доирасида умумий қиймати 29,5 трлн сўм, 2,6 млрд АҚШ доллари ҳамда 57,5 млн еврога тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

2021 йилнинг биринчи яримида Давлат дастурининг 116 та банди ижросини таъминлаш назарда тутилган бўлиб, шундан ҳисобот даврида 89 та бандда қайд этилган топшириқлар бажарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан коронавирус пандемиясининг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,2 фоизни, шундан, саноат – 108,5 фоиз, хизматлар – 108,0 фоиз, қишлоқ хўжалиги 101,8 фоизни ташкил қилган.

2021 йилнинг 30 июнь ҳолатига 209,2 минг янги иш ўринлари яратилди, 78,5 минг нафар фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилди, 24 мингдан ортиқ фуқароларга субсидиялар ажратилган.

Муҳокамалар давомида Давлат дастуридаги ижроси кечиктириб бажарилган ҳамда тўлиқ бажарилмаган вазифалар танқидий кўриб чиқилди. Мазкур вазифаларга масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари эшитилди.

Мажлисда Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.  

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш белгиланди. Шу муносабат билан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги Сенат қарори, Низом ва рейтинг баҳолаш тартиби лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Эндиликда мутлақо янги тизим – ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилмоқда.

Сенат ҳузурида рейтинг баҳолаш бўйича тузилган Республика комиссияси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши махсус индекаторлар асосида баҳоланади.

Бу борада Қўмита томонидан тегишли индекатор ва субиндекатор ишлаб чиқилди. Ушбу индекаторлар ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ҳисоблаб чиқилади.

Туман ва шаҳарлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан индикаторлар асосида рейтинг баҳоланади. Индикаторларни ҳисоблашда ҳудудлар томонидан тақдим этилган расмий статистик ва таҳлилий маълумотлардан фойдаланилади. Ҳудудларни рейтинг баҳолаш бўйича ишчи органи этиб, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги белгиланмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиш ҳолати индикаторларнинг миқдорига қараб, нолдан юз баллгача рейтингда баҳоланади ва шу тартибда энг юқори балл тўплаган ҳудуд аниқланади.

Мажлисда қонунларнинг ижро этилиши ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама этилди. Сенаторлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари томонидан мазкур қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan