Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг мажлисида қандай масалалар кўриб чиқилди? – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Жорий йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, Қўмита ҳузуридаги экспертлар Кенгаши аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн  еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги ва “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларнинг ижро этилиши ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун 2013 йилда қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Шундан келиб чиққан ҳолда мазкур Қонундаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини, давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилиши юзасидан ўтказиладиган мониторинг ва текширишлар тадбиркорлар молиявий хўжалик фаолиятига дахл қилмаслиги сабабли хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишлар махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали текширишлардан алоҳида белгилаш мақсадида таклиф этилмоқда.

Сенат аъзолари “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонун юзасидан алоҳида тўхталиб, ҳозирги кунда халқаро стандартлар ва нормалар, хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили ушбу Қонунда ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатаётганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, шаҳарсозлик ва ер қонунчилигининг ривожланиши, техник регламентлар жорий қилиниши давлат экологик экспертизаси соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришни талаб этаётганлигини қайд этди.

Шунингдек, мажлисда Қўмитага юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар ҳам батафсил таълил қилинди.

Мурожаатларнинг асосий қисмини нафақа тайинлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятидан норозилик, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятидан норозилик, кредит олишда юзага келаётган муаммолар, уй-жой билан таъминлашдаги муаммолар каби масалалар ташкил этаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Келгусида Қўмитага келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни чуқур таҳлил қилиш, мазкур масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси  Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ишлашни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўзаро фикр алмашилди.  

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan