Самарқанд вилоятида ичимлик суви таъминотидаги камчиликлар кўриб чиқилди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 26 июнь куни бўлиб ўтган ўн олтинчи ялпи мажлисида Сенат аъзоси Ф.Тошевнинг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ичимлик суви таъминоти объектларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларида йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисидаги масала кўтарилган эди. Ушбу масала Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ўрганилди.

Бугун, 30 июль куни ўтказилаётган Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида мазкур ўрганиш натижалари Қўмита раиси Э. Гадоев маълумот берди.

Ўрганиш натижасига кўра, Самарқанд вилоятида 2,3 млн киши ёки аҳолининг 58,9 фоиз марказлашган тартибда, қолган 1,6 млн киши ёки аҳолининг 41,1 фоизи бошқа манбалар (шахсий қудуқ, качалка, булоқ, ташиб бериш) орқали ичимлик суви билан таъминланган. Вилоятда 1 689 та ичимлик сув олиш иншооти мавжуд бўлиб, шундан 542 таси (32,1 фоизи) таъмирталаб ҳолатда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими объектларини қуриш таъмирлаш параметрларига кўра, вилоятда 35 та объектда 212 км узунликдаги тармоқ ҳамда 34 та иншоот (ер ости қудуғи, насос станция, хлорлаш хонаси)ни қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Жорий йилнинг 3 май куни буюртмачи ва бош пудрат ташкилоти ўртасида жами 35 та объектда 42,3 млрд сўмлик қурилиш таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича пудрат шартномалари тузилган.

Техник жиҳатдан кузатиб борувчи мутахассислар томонидан олиб борилган назорат ишларига кўра, объектларда 127,9 км ичимлик суви ва 2,6 км оқова сув учун траншея қазиш ишлари амалга оширилган.

Амалга оширилган ишлар билан бирга, Дастур доирасидаги вилоят аҳолиси ичимлик суви таъминотини яхшилаш тадбирлари ижросини таъминлашда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Пудрат ташкилотлари томонидан 79,1 км ичимлик суви ва оқова сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 2 сув иншоотини реконструкция қилиш ишлар амалга оширилган бўлса-да, амалда мазкур объектларнинг лойиҳа смета ҳужжатлари соҳавий эспертизадан ўтмаганлиги сабабли, май-июнь ойларида бажарилган ишлар учун ҳисобварақ фактуралар расмийлаштирилмаган.

Шунингдек, 12 та сув таъминоти объектлари қурилиш бўйича лойиҳачи ташкилот томонидан лойиҳа смета ҳужжатлари ва экспертиза хулосалари буюртмачига тақдим этилмаган.

Қўшработ тумани “Жонбулоқ” МФЙ Мижғон қишлоғи ва Пойариқ тумани “Бахрин” МФЙ Бахрин қишлоғи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш учун мазкур ҳудудлардаги ер ости сувларининг белгиланган стандарт талабларига номувофиқлиги сабабли Зарафшон гидрогеология станцияси томонидан хулоса бериш рад этилган.

Натижада бугунги кунга қадар муаммо ҳал этилмаганлиги сабабли мазкур объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун маблағ (дастлабки аванс тўлови) ажратилмаган ва ичимлик суви тармоғини ётқизиш ишлари бошланмаган.

Қолган 33 та объектда жорий йилнинг 13 июлига қадар амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари, жорий йилнинг май ва июнь ойлари учун тасдиқланган ишларни бажариш графигига нисбатан ортда қолиб 8,5 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари муддатида бажарилмасдан кечиктирилмоқда.

Қурилиш ишларининг суст равишда олиб борилиши, қазилган траншеяларга қувурлар ётқизилиб, ўз вақтида кўмилмаслиги (50 кмга яқин) натижасида аҳоли учун ноқулайлик келтириб чиқариб, маҳаллий ҳокимият органларига ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларига шикоят тарзидаги мурожаатлар сони ошган.

Мажлисда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ва хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари ҳамда Маҳаллий ҳокимият вакиллари органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда бир ой муддатда муммони ҳал қилиш чораларини кўриши ва натижаси бўйича ахборот киритиши, шунингдек, кейинги ялпи мажлисда ушбу масала бўйича тегишли мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиш белгиланди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan