Жорий йилнинг 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан “Коррупцияга қарши курашишнинг устувор масалалари” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламет тадқиқотлари институти, хорижий ва халқаро ташкилотлар экспертлари, вазирлик ва идоралар ходимлари, олий таълим ташкилотлари профессорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6257-сон Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5177-сон қарорининг мазмун-моҳияти бўйича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.