Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш, хусусан давлат ва жамият қурилиши йўналишидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш учун дастурий ҳужжат вазифасини бажариб келмоқда. Бунинг натижасида мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг роли янада мустаҳкамланди, давлат бошқаруви соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ривожлантирилди.

Жорий йилнинг 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ҳудудий ваколатхонаси томонидан ташкил этилган «Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг ҳолати ва истиқболлари» мавзусидаги халқаро давра суҳбати ушбу масалалар муҳокамасига бағишланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий ва хорижий етакчи олимлар иштирок этди. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Германия, Жанубий Корея мамлакатлари экспертлари ўз маърузалари билан қатнашдилар.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ҳудудий ваколатхонаси раҳбари Кристоф Мор, Давлат хизмати соҳасидаги Астана хаби раҳбари Алихан Байменов кириш сўзи билан қатнашдилар.

Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги 5 йил ичида Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим ўзгаришларга сабаб бўлди, эришилган натижалар ва ижобий тажриба давлат ҳокимияти тизимининг барча бўғинлари фаолиятида ўз аксини топди. Ушбу тизимли ўзгаришлар, албатта, миллий парламент фаолиятига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмади.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов халқаро давра суҳбатида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси: парламент назорати кеча ва бугун» мавзусидаги маъруза билан иштирок этди ва мамлакатимизнинг олий вакиллик органи янгича қиёфага эга бўлишига сабаб бўлган туб ислоҳотларнинг таҳлилига тўхталиб ўтди. 

Биргина мисол: Парламент тарихида илк бор 2019 йилдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Давлат раҳбарининг ушбу ташаббуси асосида Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулияти ошиши билан бирга, ислоҳотларни руёбга чиқариш жараёнида парламент аъзоларининг фаол иштироки таъминламоқда.

Маърузада таъкидланганидек, агар давлат ва жамият ҳаётига доир масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишда парламентнинг иштироки даражаси қанчалик юқори бўлса, хусусан, парламент назорати механизмлари қанчалик такомиллашган бўлса, ижро ҳокимияти органлари фаолияти ҳам шунчалик самарали ташкил этилади.

Шунингдек, Халқаро давра суҳбатида парламент назорати самарадорлигини янада ошириш билан боғлиқ айрим муаммолар ва етарли даражада фойдаланилмаган имкониятлар ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Г. Агзамова, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О. Хасанов, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Е. Абил, Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А. Акматалиев, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси проректори А. Марголин, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Бош офиси режалаштириш бўлимининг катта эксперти Й. Деппе, Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти профессори Ин Пё Хван ва бошқалар давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги илғор хорижий тажриба ҳақида сўз олиб боришди ҳамда ушбу йўналишларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ривожлантириш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган халқаро давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши тизимини ривожлантириш истиқболлари ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбир якунида Олий Мажлис ва сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини янада ошириш, давлат хизматини янада ислоҳ қилиш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг халқ билан самарали мулоқот механизмларини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.

 

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan