Яқинда Президентимиз томонидан “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди. Мазкур ҳужжат билан судьяларнинг дахлсизлиги янада мустаҳкамланмоқда. Яъни, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари кучайтириляпти.
Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларида судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, судьяларнинг дахлсизлигини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Шу муносабат билан, мазкур устувор вазифалар янги қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида ўз аксини топди. Унда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик фактлари тўғрисидаги тақдимномаси прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатилиши рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериши, судьяни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, судьянинг дахлсизлигини кучайтириш мақсадида белгиланган яна бир янги тартибга мувофиқ, судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шартлиги, шунингдек, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкинлиги, мазкур қоида судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судьяга нисбатан ҳам қўлланилиши ҳамда эндиликда, судьяга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Шунингдек, илгари судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, унинг телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олишга Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилган. Эндиликда, бундай ҳаракатлар фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан ёки суднинг қарорига биноан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга шахсий ҳимоя воситалари берилиши кафолатлаб қўйилди. Ушбу кафолатлар судьянинг дахлсизлигини таъминлашда зарурий аҳамиятга эга бўлиш билан бирга одил судловнинг сифатли амалга оширилишига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун суд тизимининг фаолият кўрсатиш тартибини ва судьялар мустақиллиги кафолатларини такомиллаштиришга, судьялик касбининг обрўсини кўтаришга хизмат қилади.
Даврон АРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати